Ургут тумани бўйича ИИО ФМБ ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилиб, унда Ургут шаҳрининг Гулистон кўчасида яшовчи 38 ёшли фуқаро, Ургут шаҳри Навбоғ маҳалласи “Навоийшоҳ” кўчасида жойлашган уйларнинг бирида “арена” ташкил қилиб, хўрозларни пул эвазига уриштираётгани ва қимор ўйини ўтказаётгани аниқланди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Хабарда айтилишича, суриштирувлар давомида 30 нафар фуқаро ўзларига тегишли бўлган хўрозларини уриштириш мақсадида олиб келганлиги маълум бўлди ва белгиланган тартибда расмийлаштирилди.
“Хўроз уриштириш аренаси”га жангларни томоша килиш учун 400 нафардан ортиқ фукаролар келган ва улар орасида 35 нафар вояга етмаганлар ҳам борлиги маълум бўлди.
Ташкилотчининг ёнидан томошага ташриф буюрган фуқаролардан йиғиб олинган жами 5.726.000 сўм миқдордаги пуллар ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.
Ҳолат юзасидан Ургут тумани бўйича ИИО ФМБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмокда.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 111-ҳамда 191-моддаларига асосан “Қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни қонунга хилоф равишда ташкил қилиш ва уларда иштирок этиш катта миқдорда жарима солинишига ва маълум муддатга қамоққа олишга сабаб бўлиши белгиланган”.






