Хабарингиз бор, 2021 йил 18-29 ноябрь кунлари Туркиянинг Анталия шаҳрида 100 катакли шашка бўйича имконияти чекланган (кўриш қобилияти заиф) инсонлар ўртасида Жаҳон чемпионати ўтказилди. Унда Ўзбекистон спорт делегацияси муносиб иштирок этди.
Илк бора ташкил этилган мусобақада Ўзбекистон вакиллари 12 нафар спортчи билан иштирок этиб, жамоавий ва шахсий биринчиликда 7та олтин, 10та кумуш ва 3та бронза медалига сазовор бўлишди.
Кеча пойтахтда ушбу мусобақанинг ғолиб ва совриндорлари бўлган 10 нафар спортчи ҳамда 2 нафар мураббий тақдирланди. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги маълум қилмоқда.
Маросимда Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон кўзи ожизлар спорт жамияти мутасаддилари иштирок этишган.
"Албатта, бизнинг арзимас хизматимиз шундай даражада эътироф этилганидан беҳад мамнунмиз", – дея ўз таассуротларини ўртоқлашади терма жамоа бош мураббийи Суннат Холлиев.
"Ушбу рағбат бизга мотивация бериб, янги ғалабалар сари руҳлантиради. Шу ўринда таъкидлашни истардим, сўнгги йилларда Туризм ва спорт вазирлиги томонидан барча спорт турлари қаторида имконияти чекланганлар спорти ҳам ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Халқаро мусобақаларда мунтазам иштирок этиб келмоқдамиз. Бу эса спортчиларимизнинг маҳорати ўсишига хизмат қилади ва ютуқларимиз салмоғи янада ортади, деган умиддаман",-дейди у.






