АсосийJamiyat

Турк сармоядорлари Ўзбекистонда автомобилсозлик бўйича лойиҳалар амалга ошириш имкониятларини ўрганмоқда

'Турк сармоядорлари Ўзбекистонда автомобилсозлик бўйича лойиҳалар амалга ошириш имкониятларини ўрганмоқда'ning rasmi

Турк инвесторлари Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдирмоқда.

Кеча Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Туркиянинг “OYAK” компанияси бош директори Сулаймон Саваш Эрдем раҳбарлигидаги делегация билан учрашув ўтказди.

Учрашув давомида Ўзбекистонда юқори технологияли саноат ишлаб чиқариш объектларни ташкил қилиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутган ҳолда, туркиялик инвесторнинг Ўзбекистондаги фаолиятини ташкил этиш истиқболлари муҳокама қилингани ҳақида хабар берди вазирлик.

Таъкидланишича, мулоқот чоғида Туркия томони аниқ лойиҳаларни атрофлича муҳокама қилиш ва уларни ҳаётга татбиқ этишнинг амалий жиҳатлари ва шартлари устида иш олиб бориш мақсадида ҳамкорликни давом эттиришга қизиқиш билдирган. Хусусан, компания раҳбарияти Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигида ишлатилувчи кимёвий моддалар ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини кластер усулида ишлаб чиқариш, меламин ва техник углерод ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил қилиш, шунингдек автомобилсозлик соҳасида лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини ўрганаётгани маълум қилган.

Тадбир давомида Ўзбекистоннинг йирик кимё корхоналаридаги давлат акцияларини хусусийлаштиришда “OYAK” компанияси иштирокининг истиқболлари ҳам кўриб чиқилган.

Ўзбек томони турк сармоядорларини ўз бизнес ташаббусларини амалга оширишда қўллаб-қувватлашга ва мавжуд масалаларни ҳал этишда ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирган. 

"Қисқа муддат ичида турк томонига аниқ лойиҳавий таклифлар ва кўриб чиқилаётган тармоқларнинг инвестициявий ва саноат салоҳияти тўғрисида зарур маълумотлар юборилади",-дея маълум қилинади.

    Бошқа янгиликлар