Маданият ва санъат миллий мукофоти таъсис этилади

МАДАНИЯТ 04.02.2022, 08:26
Маданият ва санъат миллий мукофоти таъсис этилади

Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори қабул қилинди. 

Қарорда белгиланишича, аҳоли, айниқса, олис ҳудудларда истиқомат қиладиган фуқароларга маданий дам олиш хизматлари кўрсатиш даражасини ошириш, республиканинг барча ҳудудларида театр, цирк ва бошқа турдаги оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирларини тизимли равишда йўлга қўйиш, маданият ва санъат соҳасида истеъдодли ёш ижодкорларни излаб топиш ва қўллаб-қувватлаш, таълим муассасаларини миллий чолғулар, мусиқа дарсликлари, ноталар тўпламлари ва ўқув-методик адабиётлар билан таъминлашнинг яхлит тизимини яратилади. 

Шунга кўра, 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб таълим муассасаларида ўқувчи ва талабаларнинг мусиқий билим ва кўникмаларини ошириш чора-тадбирлар амалга оширилиши белгиланмоқда.

Қайд этилишича, мазкур қарорга мувофиқ рўйхатда келтирилган миллий мусиқа чолғуларидан камида биттасида куй ижро этиш маҳорати ўргатилади ҳамда бу ҳақда уларнинг таълим тўғрисидаги ҳужжатига (шаҳодатнома) тегишли қайд киритилади;

  • мусиқа фани учун ҳафтасига белгиланган бир ўқув соати ҳамда унга қўшимча равишда ҳар ҳафта миллий мусиқа чолғуларида куй ижро этиш амалий тўгараклари ва факультатив дарслари ўтказилади;
  • мазкур қарорга рўйхатда келтирилган миллий чолғулардан камида биттасида, 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб эса камида учтасида куй ижро этиш маҳоратига эга бўлиш мусиқа фани ўқитувчилари учун мажбурий ҳисобланади;
  • мусиқа фани учун ажратилган ўқув соатлари доирасида “Ҳаётимга ҳамроҳдир чолғу” шиори остида чолғу ижрочилиги дарс машғулотлари йўлга қўйилади;
  • ноталар тўпламлари ва махсус мусиқий адабиётлар билан таъминлаш умумтаълим мактабларини дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар билан таъминлаш тизимига киритилади;
  • ўқувчиларнинг дарсдан ташқари вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида уларнинг қизиқишларига кўра миллий мусиқа чолғуларида куй ижро этиш маҳорати, тасвирий ва амалий санъат, ҳунармандчилик йўналишларида амалий тўгараклар (кейинги ўринларда – амалий тўгараклар) ташкил этилади;
  • амалий тўгараклар раҳбарларига “Баркамол авлод” болалар мактаблари тўгарак раҳбари учун белгиланган базавий тариф ставкалари қўлланилади;
  • амалий тўгаракларни олиб бориш ҳисоби “Электрон кундалик” дастури орқали амалга оширилади ҳамда ҳар чоракда тўгарак иштирокчиларининг ҳисобот концертлари ташкил қилинади;
  • мусиқа санъати бўйича профессионал таълим ҳамда олий таълим тўғрисидаги ҳужжатга эга бўлган, камида 3 та миллий мусиқа чолғуларида маҳорат билан куй ижро эта оладиган мутахассисларни асосий иш жойидан бўш вақтида у ердаги меҳнатга ҳақ тўлаш шартларини сақлаб қолган ҳолда ўриндошлик асосида умумий ўрта таълим муассасалари мусиқа фани ўқитувчиси ва мусиқа йўналишидаги тўгарак раҳбари лавозимига тўлиқ ставкада ишга қабул қилишга рухсат берилади;
  • мусиқа фани ўқитувчиларини камида учта миллий мусиқа чолғуларида куй ижро этишга ўргатиш халқ таълими ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизими доирасида амалга оширилади, бунда қайта тайёрлаш (малака ошириш) курсларида машғулот олиб бориш учун маданият ва санъат соҳаси вакиллари шартнома асосида жалб этилади.

Шунингдек, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим муассасаларида:

  • Ўзбекистон давлат филармонияси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан бошқа маданият муассасалари билан ҳамкорликда лекторий концертларини ўтказиш йўлга қўйилади;
  • лекторий концертлари таълим ва маданият муассасаларида ташкил этилади ҳамда ўқувчи ва талабаларнинг мусиқий маданияти ва саводхонлигини юксалтиришга, эстетик диди, дунёқарашини кенгайтиришга ва мусиқани ҳис қилишига қаратилган амалий машғулотлардан иборат бўлади;
  • лекторий концертларининг ўтказилганлиги ҳақида тегишли таълим, маданият муассасаси, туман (шаҳар) ҳокимлиги ёки бошқа масъул ташкилот раҳбари ва Ўзбекистон давлат филармонияси бош директори томонидан далолатнома тузилади.

Таъкидланишича, лекторий концертларини ўтказиш билан боғлиқ харажатлар маҳаллий бюджет маблағлари (умумий ўрта таълим муассасаларида) ва бюджетдан ташқари маблағлар (олий таълим муассасаларида) ёки қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан далолатнома асосида молиялаштирилади.

Шу билан бирга, Қарорда яна қуйидагилар назарда тутилмоқда:

  • Ўзбек миллий мақом санъати марказининг ҳудудий бўлимлари ташкил этилади;
  • Маданият ва санъат миллий мукофоти таъсис этилади;
  • Маданият ва санъат соҳаси вакиллари, истеъдодли ёш ижодкорларга ипотека кредити асосида сотиб олинаётган уй-жой қийматининг 50 фоизи миқдорида субсидия ажратилади;
  • Ўзбек миллий мақом санъати марказининг ҳудудий бўлимлари ташкил этилади;
  • 2023 йил Давлат бюджети параметрларида Жамғармага 50 миллиард сўм ажратилади.

Маълумот учун, “Маданият ва маърифат” телеканали Маданият вазирлигининг Бош ахборот ҳамкори этиб белгиланмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1