Бугун она Ер глобал ҳарорат кўтарилиши билан кескин иқлим ўзгаришини бошдан кечирмоқда. Масалан, Африкада, Саҳрои Кабирда қор ёққани ёки асрий музликларнинг жуда қисқа муддатда эриб кетаётгани ҳақида, ёки қайсидир давлатларда меъёридан ортиқ иссиқ ва аксинча, кескин совуқ кузатилаётгани ҳақида эшитаяпмиз. Мазкур глобал ҳолат инсонлар яшаш тарзига, мамлакатлар иқтисодий инқирозларига ва каттадан-катта экологик муаммоларга сабаб бўлмоқда. Жумладан, Ўзбекистонда ўтган баҳор ёмғирсиз ўтди, жорий қиш эса деярли қорсиз кузатилмоқда. Эртага қандай об-ҳаво бўлиши, нега иқлим ўзгариб бораётгани эса ҳар бир инсонни қизиқтиради. Хўш, иқлим нега ўзгаряпти? Айни кунлардаги об-ҳаво қанчалик мавсумга хос? Бизни келажакда қандай иқлим ўзгаришлари кутмоқда? Шу каби барчани қизиқтирган саволларга мутахассисдан жавоб олдик.

"ДУНЁ ТАРИХИДАГИ ЭНГ ИССИҚ САККИЗ ЙИЛ БУ"
Эркин АБДУЛАҲАТОВ, "Ўзгидромет" етакчи мутахассиси:
— Иқлим ўзгариши натижасида дунёда охирги саккиз йил дунё кузатувлари тарихидаги энг иссиқ бўлди. Шу охирги саккиз йиллик ҳароратлар муқаддам кузатилмаган иқлимий даврни юзага келтирди. Айнан 2014 йилдан бошлаб дунёда ҳарорат 1 даражага кўтарилди. Бу бир даража кўтарилиш айрим ҳудудларда ҳароратнинг юқори кузатилгани билан ажралиб турса, бошқа минтақаларда совуқ йиллар кузатилиши ҳам рўй бермоқда. Масалан, охирги йиллар шимолий қутб атрофида иссиқ ҳароратлар кузатилаётган бўлса, Жанубий Америка ва Тинч океанида совуқ йиллар тез-тез такрорланмоқда. Аммо дунёнинг кўплаб ҳудудларида исиш жараёни кузатилмоқда. Ҳусусан, Ўзбекистонда ҳам 2016 йилдан сўнг йиллик ҳаво ҳарорати юқори бўлди. Жойларда ҳароратнинг турлича фарқи, ҳавода иссиқ ва совуқ ҳароратларни вужудга келтирувчи ҳаво оқимлари ҳаракатини ҳам ўзгартириб юборди. Натижада, биз мавсумларга хос бўлмаган турли иқлим ҳодисаларига гувоҳ бўляпмиз.
"ЎЗБЕКИСТОН ЧАНГ БЎРОН ХАВФЛАРИНИ ЮЗАГА КЕЛТИРАДИГАН ИҚЛИМ МИНТАҚАСИГА АЙЛАНИБ ҚОЛДИ"
– Айни пайтда Ўзбекистонда кузатилаётган об-ҳаво мавсум учун қанчалик мутаносиб?
— Иқлим ўзгариши Ўзбекистон иқлимида йиллик ҳаво ҳароратнинг 1.5-2 даража юқори бўлишига олиб келди. Ёз ойларида давомли иссиқ кунлар ортиши, қиш ойларида илиқ кунларнинг ортишини вужудга келтирди. Майдалаб ёғадиган ёғинлар ўрнини кескин ёғиб ўтувчи жадал ёғинлар “тортиб олди”. Бу эса, тупроқ намлигининг камайиши ва чўллашишни кучайтириб юборди. Сув етишмовчилиги натижасида қурғоқчилик омили кучайиб, чанг бўрон хавфларини юзага келтирадиган иқлим минтақасига айланиб қолди.
“2016 ЙИЛДАН БОШЛАБ ҚОРЛИ КУНЛАР КЕСКИН КАМАЙГАН”
— Иқлим ўзгариши атмосферада циклон ва антициклон, бошқача айтганда, совуқ ва илиқ, нам ва қуруқ ҳаво массалари ҳаракатидаги маълум бир мувозанатни ўзгартириб юборди. Ўзбекистонда қиш мавсумида қор ёғиши учун шимол ва шимоли ғарбдан кириб келувчи совуқ ҳаво оқимлари тез-тез республика ҳудудларига кириб келиши керак бўлади. Бошқача айтганда, бизнинг минтақада айни шу ҳаво оқимларидан қор ёғади. Таҳлилларга кўра, ҳозирда йил давомида юқоридаги совуқ ҳаво оқимларининг республика ҳудудларига кириб келиши ўтган аср охирларига нисбатан нақд икки баробарга камайган. Бунинг натижасида, 2016 йилдан бошлаб, қишда ёғиб ўтган қорлар давомийлиги ва ерда ҳосил бўлган қор қопламининг суткалаб эримасдан туриш ҳолатлари кескин камайиб кетди. Биз охирги пайтларда тарновларда осилиб турувчи сумалак ҳодисаларига деярли кўзимиз тушмаяпти. Бир сўз билан айтганда, қиш мавсумида илиқ қиш кунлари сонининг ортиши кузатилмоқда.
ЎЗБЕКИСТОН ТАРИХИДАГИ ЭНГ ИССИҚ ЙИЛ...
— Ушбу мавсумда кузатилаётган об-ҳаво ва ҳарорат республикада аввал қайси йилларда қайд этилган?
— Юқорида айтиб ўтганимиздек, ҳар йили иссиқ йилларнинг кузатилиш рекордлари янгиланаётгани боис, охирги йиллардаги иқлим шароитларини ўтмиш ёки ўтган асрдаги қайсидир йиллардаги иқлим шароитига мослаш нотўғри бўлади. Масалан, 2021 йил ҳарорати Ўзбекистон тарихида энг иссиқ йил бўлди. Муқаддам бу каби иссиқ йил кузатилмаган.
БУ ЙИЛГИ БАҲОР ВА ЁЗ ҲАВОСИ ҚАНДАЙБЎЛИШИ КУТИЛМОҚДА?
— Қишнинг ёғингарчиликсиз бўлиши баҳор ва ёз ойларидаги об-ҳавога қай даражада таъсир қилади? Бу йил баҳор ва ёз ойлари Қандай бўлиши кутилмоқда?
— Қишнинг кам ёғинли ўтиши, тоғларда ҳам кам қор ёғишини англатади. Тоғларда қор кам ёғдими баҳор, ёз ва куз ойларида кам сув бўлади дегани, кам сув дегани иссиқ ёз ойларида қурғоқчиликни келтириб чиқаради. Дарё ва сойларда сув оқими кескин камаяди. Бу каби камсувлилик қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ва ҳаттоки иқитисодиёт тармоқларига таъсир кўрсатади.
Бу йил баҳор-ёзнинг қандай келиши тўғрисида аввалдан бир нарса дейиш қийин, чунки метеорологияда узоқ муддатли ойларни аниқ прогноз қилиш учун ишончли усулларнинг ўзи мавжуд эмас. Аммо Бутун жаҳон метеорологик ташкилоти тавсиялари асосида, Ўзгидрометнинг узоқ муддатли об-ҳаво прогноз бўлими мутахасислари ушбу йилдаги ўртача йиллик ҳаво ҳарорати иқлимий меъёрдан 1-1.2 даража юқори бўлишини прогноз қилишмоқда. Бу ҳарорат қиймати охирги олти йилдаги 2018 йилда кузатилган иқлимий йилга мос тушиши мумкин.
ЎЗБЕКИСТОНДААЛЛАҚАЧОН БОДОМ ГУЛЛАБ, БОЙЧЕЧАК ОЧИЛДИ.БУ НИМА ДЕГАНИ?
— Ҳозирда ва ҳатто декабрь ойидан бошлаб республиканинг жанубий вилоятларида дарахтлар гуллаши, бойчечаклар очилиши кузатилди. Бу ҳолатни қандай изоҳлаш мумкин?
— Юқорида айтиб ўтганимдек, охирги йилларда қиш ойлари илиқ, қорсиз келмоқда. Аммо кузнинг сўнгги ойлари тўғрисида бундай, деб бўлмайди. Охирги тўрт йилликнинг барчасида ноябрь ойлари жуда совуқ бўлган. Натижада, республиканинг барча ҳудудларидаги дарахт ва ўт-ўланлар ҳар қачонгидан эрта “қишки уйқу”га кетмоқда. Аксинча, қиш ойларидаги илиқ кунлар афсуски, дарахтларнинг эрта уйғониб қолишига олиб келади. Айниқса, жануб вилоятларда юқорироқ кузатиладиган ҳароратли давомли кунларда фитомасса анча эрта вегетацияга киради. Бу ҳолатга кириб қолган дарахт ёки ўт ўсимликлар “алдамчи баҳор”га ишониб, совуқ уриш ҳодисаларига учраши табиий.
"ЭНДИ ИНСОНИЯТ ШУ ИССИҚ ИҚЛИМГАМОСЛАШИБ БОРАДИ"
— Республикада об-ҳавонинг ўз мавсумида меъёрий кечишини инсон омили асосида йўлга қўйиш мумкинми? Ёки инсонлар шу зайлда иºлимга мослашиб борадими?
— Йилдан йилга исиб бораётган иқлимга инсоният аста-секин мослашиб бораверади. Худди ҳозирги каби. Агар ҳозирги иссиқ йиллар бундан 40-50 йил олдин атиги бир йил бўлса-да кузатилганида эди, ўшанда инсоният ўта қийин йилни бошидан ўтказган бўларди. Чунки инсоният иссиқ йилларга мослашмаган бўларди, нафақат инсоният, балки жамиятнинг барча тармоқларида ҳам муаммолар кузатиларди. Иқлим исишини секинлаштириш ёки тўхтатиш энди осон бўлмайди. Атмосферада жараён тезлашиб кетди.
БИЗ ЯНА АВВАЛГИДЕКҚОРЛИ ҚИШЛАРНИ КЎРАМИЗМИ?
— Ўзбекистонликлар келгуси йилларда яна бир неча йиллар аввалгидек қалин қорли қишларни кутишлари мумкинми?
— Узоқ муддатли об-ҳаво прогнозларини тақдим этадиган ишончли иқлим ўзгариш сценарияси маълумотларига кўра, келгусида минтақанинг текислик яъни асосий аҳоли яшаш ҳудудларида қиш мавсумларида илиқ кунларнинг ортиб бориши ҳисобига, қиш фаслида камдан кам ҳолларда қор ёғиш ҳодисалари кузатилиши прогноз қилинган. Аммо шу билан бирга аввалига 2-3 йилда бир кейинроқ 4-5 йилда бир қиш мавсумининг айрим кунларида шимолдан кучли совуқ ҳаволар кириши ҳисобига кучли қор ёғиш ҳолатлари кузатилиш эҳтимоли сақланиб қолади.
Фарида ЭГАМБЕРДИЕВА суҳбатлашди






