АсосийJamiyat

“Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди

'“Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди'ning rasmi

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Депутатлар, ХМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Юристлар малакасини ошириш маркази, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, Тошкент давлат юридик университети, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, олимлар ва экспертлар иштирок этди.

Таъкидланганидек, ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикасида меҳнат миграцияси жараёнлари ушбу масалага оид Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари, “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонун ҳамда бир қатор қонуности ҳужжатлар билан тартибга солинган.

2020 йил 22 июндаги Президент фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг 41-банди ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилиниб, ҳозирда лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнлари кетмоқда.

Қонун лойиҳасида ташқи меҳнат миграцияси соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, ташқи меҳнат миграцияси жараёнларига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, меҳнат мигрантларининг ҳисобини юритиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.

Тадбир якунида иштирокчилар томонидан қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрланган матни юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

    Бошқа янгиликлар