«Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» Президент қарори эълон қилинди. Қарорга мувофиқ қатор янгиликлар жорий этилмоқда.
2022/2023 ўқув йилидан бошлаб:
Мактабларда:
● миллий мусиқа чолғуларидан камида биттасида куй ижро этиш маҳорати ўргатилади, бу ҳақда уларнинг шаҳодатномасига тегишли қайд киритилади;
● мусиқа фани учун ҳафтасига белгиланган бир ўқув соати ҳамда унга қўшимча равишда ҳар ҳафта миллий мусиқа чолғуларида куй ижро этиш амалий тўгараклари ва факультатив дарслари ўтказилади.
Коллеж, лицей ва ОТМларда
- давлат филармонияси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан лекторий концертлари ўтказилиши йўлга қўйилади;
- маданият ва санъат соҳасидаги давлат мукофотлари билан тақдирланган ижодкорлар раҳбарлигида уларнинг «маҳорат мактаблари» ташкил этилади.
Ўқувчи ва талабалар ўртасида маданият ва санъат соҳасидаги республика кўрик-танловлари ташкил этилади.
Ўзбекистон миллий ва давлат симфоник оркестрлари, Юнус Ражабий номидаги Мақом ансамбли ва «Ўзбек давлат цирки» давлат муассасаси ижодий (бадиий) жамоаларининг ҳудудларга гастроль сафарлари ташкил этилади.
«Маданият карвони» шаклида ҳудудларда концерт-томоша тадбирлари ўтказилади, ушбу карвон учун мўлжалланган, тегишли мусиқа техникаси ва саҳнага эга 2 дона махсус автотранспорт воситаси (20 млрд сўм) харид қилинади.
«Инсон қадри учун» эзгу ғояси асосида ҳар йили қуйидагилар учун давлат буюртмалари берилади:
- театрларда саҳналаштириладиган камида 40 та янги спектаклга;
-композитор ва бастакорларга 40 та янги мусиқа асари яратишга;
- камида 100 та юксак бадиий савиядаги Интернет ва ижтимоий тармоқлар учун мўлжалланган аудиовизуал асарлар яратишга;
- камида 150 та энг яхши миллий қўшиқларни караоке ёрдамида ижро қилиш учун қайта ишлашга.
Аҳоли орасида кенг оммалашган сайтлар ва ижтимоий тармоқларда ўзбек халқи миллий маданиятини тарғиб этувчи танловлар жорий этилади.






