АсосийJamiyat

ОТМларда ҳар йилги қишки таътил саналарини ўзгартириш таклиф қилинди

'ОТМларда  ҳар йилги қишки таътил саналарини ўзгартириш таклиф қилинди'ning rasmi

«Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида таълим олувчиларнинг ҳар йилги қишки таътили тўғрисида»ги Президент фармони лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига қўйилди.

Унда Ўзбекистон профессионал таълим муассасалари ўқувчилари ва олий таълим муассасалари талабаларининг ҳар йилги икки ҳафталик қишки таътил муддатини ўзгартириш таклифи берилди.

Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда. Қайд этилишича, таълим соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органларининг декабр ойининг охирги ўн кунлиги ва январ ойининг биринчи ўн кунлиги (20 декабр–10 январ) оралиғида Ўзбекистон профессионал таълим муассасалари ўқувчилари ва ОТМ талабаларининг ҳар йилги икки ҳафталик қишки таътилини ўтказиш бўйича таклифлари маъқулланиши кўрсатилган. Таълим соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органлари мавжуд шароитдан келиб чиқиб ўқувчи ва талабаларга таътил бериш муддатини ўзгартириш ҳуқуқига эга.

Шу билан бирга, Транспорт вазирлиги, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ва «Узбекистан Аирwайс» АЖ таълим соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органларининг қишки таътилни эълон қилиш ҳақидаги буйруқлари ва буюртманомалари асосида қишки таътил бошланишидан 10 кун аввалдан бошлаб чиптанинг тўлиқ қийматидан 50 фоизли чегирма тўлови асосида республика ичида ҳаракатланувчи тезюрар ва йўловчи поездларига ҳамда маҳаллий авиарейсларга чипталар сотувини ташкил этади.

Ўқувчи ва талабаларнинг йўналишли шаҳарлараро автобус қатнови орқали ҳаракатланиши учун ҳам имтиёзли чипталар тақдим этиш механизми жорий этилади.

    Бошқа янгиликлар