Бироз аввал -81 кг вазн тоифасидаги ўзбек дзюдочи Шарофиддин Болтабоев Париж "Катта Дубулға" турнири совриндорига айланди. Қорақалпоқ ўғлони бронза медали учун кечган беллашувда канадалик Франсис Гаутиерга қарши татамига чиққан ва рақибини қўшимча бўлимда мағлубиятга учратган.
Бу ҳақда айни дамда Ўзбекистон Миллий Олимпия Қўмитаси хабар бермоқда.
Қўмитанинг таъкидлашича, Шарофиддин Болтабоев бронза медаль билан бирга 500 рейтинг очкосига ҳам эга бўлган.
Яна бир ўзбек дзюдочиси -90 кг вазн тоифасидаги Давлат Бобонов курашсиз мусобақанинг бронза медалини қўлга киритгани маълум қилинди.
Сабаби унинг рақиби грузиялик Бека Гриниашвили ярим финалда тақиқланган ҳаракат учун хансоке, яъни жазо олгани учун татамига чиқа олмаган. Натижада автоматик равишда ғалаба Бобоновга ҳал бўлган.
-100 кг вазн тоифасидаги яна бир Ўзбекистон дзюдочиси Музаффарбек Тўрабоев эса бронза медали учун кечган беллашувда нидерландиялик тажрибали рақиб Михаэл Коррелни иппон баҳоси эвазига мағлубиятга учратгани айтилади.
Шундай қилиб, Париж "Катта Дубулға" турнири ўзбек терма жамоаси учун 3 бронза медали билан якунланди.






