АсосийJamiyat

Ўзбекистон тиббиёти оғир жудоликка учради

'Ўзбекистон тиббиёти оғир жудоликка учради'ning rasmi

Тиббиёт соҳаси бўйича йирик олим, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги Турғунпўлат Даминов шу йил 6 февраль куни 81 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар бермоқда. 

Т. Даминов 1941 йили Тошкент шаҳрида туғилди.  

1964 йилда Тошкент давлат медицина институти (ҳозирги Тошкент тиббиёт академияси)ни тугатиб, 1969 йилда номзодлик, 1986 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. 2000 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланди.

Т. Даминов меҳнат фаолиятини 1969 йилда Тошкент давлат медицина институтида ассистент сифатида бошлади. Ушбу муассасада доцент, кафедра мудири вазифасида фаолият юритди. Кейинчалик Педиатрия илмий текшириш институти директори, Биринчи Тошкент давлат тиббиёт институти ректори, Тошкент тиббиёт академияси «Юқумли касалликлари ва педиатрия» кафедраси мудири, мазкур кафедра профессори каби масъул лавозимларда самарали меҳнат қилди.

У мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантириш, тиббиёт фанининг долзарб масалаларини тадқиқ этиш, юқори малакали илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ишига муносиб ҳисса қўшди.  

Заҳматкаш олимнинг тиббиёт соҳасининг назарий ва амалий масалаларига бағишланган 500 дан зиёд илмий мақолалари, 20 га яқин китоб ва монографиялари ҳамда 40 дан зиёд услубий тавсиянома ва қўлланмалари мутахассисларга яхши маълум.  

Айниқса, тиббиётнинг педиатрия ва юқумли касалликлар каби муҳим йўналишларини ривожлантириш ва бойитиш борасида ўз илмий мактабини яратди.  

Илм-фан фидойисининг бевосита раҳбарлигида ўнлаб фан номзодлари ва фан докторлари тайёрланди.  

Академик Т. Даминовнинг мамлакатимиз илм-фанини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб баҳоланди. У “Эл-юрт ҳурмати” ва “Дўстлик” орденлари билан мукофотланган эди.

    Бошқа янгиликлар