АсосийСПОРТ

Шахмат бўйича FIDE спорт устаси Ҳумоюн Бегмуратов тақдирланди

Бугун Туризм ва спорт вазирлигида ўзбек шахмат мактабининг ёш ва умидли вакилларидан бири,...

'Шахмат бўйича FIDE спорт устаси Ҳумоюн Бегмуратов тақдирланди'ning rasmi

Бугун Туризм ва спорт вазирлигида ўзбек шахмат мактабининг ёш ва умидли вакилларидан бири, FIDE спорт устаси Ҳумоюн Бегмуратов Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – туризм ва спорт вазири Азиз Абдухакимов томонидан қабул қилинди.

Таъкидлаш керак, Ҳумоюн ёшлигидан шахматга меҳр қўйди ва 6 ёшидаёқ аввалига мамлакат, сўнгра Осиё чемпионлигини қўлга киритди. Шахмат бўйича спорт усталигига номзод талабини бажарган дунё тарихидаги энг ёш шахматчига айланди. У ўзининг меҳнацеварлиги, тиришқоқлиги ҳамда мақсад сари интилувчанлиги билан алоҳида ажралиб туради.

2020-йилда Ҳумоюн шахмат бўйича ҳаваскорлар ўртасида онлайн Ўзбекистон чемпионатида ғолиб чиқди ва якунда “Спарк” автомашинаси билан тақдирланди.

Учрашувда туризм ва спорт вазири Ҳумоюн Бегмуратовни яқинда FIDE спорт усталиги талабини бажарган жаҳондаги энг ёш шахматчилардан бирига айлангани билан муборакбод этди. Қолаверса, ёш шахматчимизга қисқа муддатларда халқаро гроссмейстерлик талабини бажариши йўлида ҳам омад ва муваффақият тилади.

Ёш шахматчимизга келгуси мусобақаларга пухта тайёргарлик кўриши ва маҳоратини янада ошириши учун энг замонавий русумдаги компютер, яъни MACBOOK совға қилинди.

Шодиёна шодиёнага уланиб кетди, бугун Ҳумоюн ўзининг таваллуд айёмини нишонламоқда, у 12 ёшга тўлди. Шу муносабат билан ёш шахматчимиз ва унинг оила аъзоларига Туризм ва спорт вазирлиги томонидан “Тибет” сиҳатгоҳига уч кунлик ваучер ҳам тақдим этилди.

Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон шахмат федерацияси жамоаси ёш ва иқтидорли шахматчи, ФИДЕ спорт устаси Ҳумоюн Бекмуродовни яна бир бор бугунги таваллуд айёми билан муборакбод этади ҳамда унга келгуси фаолиятида ҳамиша муваффақият ёр бўлишини тилайди.

    Бошқа янгиликлар