АсосийJamiyat

Кар-соқов ва кўзи ожизлар учун кун-у, тун ишлайдиган “Call-марказ” ва “Сall back” тизими ишга туширилади

'Кар-соқов ва кўзи ожизлар учун кун-у, тун ишлайдиган “Call-марказ” ва “Сall back” тизими ишга туширилади'ning rasmi

Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларнинг мурожаат, таклиф ва шикоятлари билан доимий ишлайдиган 24/7 режимидаги ягона “Call-марказ” фаолиятини ташкил этиш ҳамда “Сall back” тизимини яратиш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.  Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда иштирок этган Тиббий ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Баҳодир Каримов маълум қилди. 

Ногиронлиги бўлган шахслар, жумладан нутқ, эшитиш ва кўришда нуқсони бўлган шахслар учун барча қулайликларга эга бўлган “Call-марказ” март ойида ишга туширилиши режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда марказда фаолият олиб бориш учун 18 нафар оператор, сурдо таржимон, врач-экспертлар ўқитилмоқда.

Шунингдек, бугунги кунда фойдаланишда бўлган Тиббий-ижтимоий экспертиза инспекциясининг электрон базаси инвентаризациядан ўтказилган.

Мазкур электрон базани ҳозирда ногиронлиги бўлган шахсларни маҳаллабай хатловдан ўтказиш натижалари бўйича шахс билан боғлиқ бўлган батафсил маълумотлар билан бойитилади.

Шундан келиб чиқиб, Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги ахборот-коммуникация технологиялари маркази “SSP-Maroqand” унитар корхонаси томонидан “Тиббий-ижтимоий экспертиза” ахборот тизими лойиҳаси ишлаб чиқилиб, тегишли идораларга келишиш учун юборилган.

Ушбу ахборот тизими ногиронлиги бўлган шахслар тўғрисидаги маълумотлар билан бирга, уларнинг тоифаси (яшил, сариқ, қизил), имконияти ва қизиқиши, бандлиги, эҳтиёжи ҳамда уларга давлат органлари томонидан кўрсатилаётган кўмак ва хизматларни ўзида акс эттиради.

    Бошқа янгиликлар