Аввал хабар қилганимиздек, айни пайтда Президент раислигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Йиғилишда ҳайдовчиларнинг жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишда тўланадиган суғурта бадалини жарима балларидан келиб чиқиб белгилаш тартиби жорий этилиши белгиланди, дея хабар бермоқда Президент Матбуот котиби Шерзод Асадов.
Шу билан бирга, Йўл ҳаракати қоидалари анча эскиргани, халқаро стандартлар асосида янгидан ишлаб чиқилиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
"Қонунчиликка киритиладиган ҳамма янгиликлар депутатлар, экспертлар ва жамоатчилик билан бамаслаҳат ишлаб чиқилади", деди Президент.
Сўнгги пайтларда йўл ҳаракати хавфсизлиги инспектори фаолиятига қаршилик кўрсатиш, уларни обрўсизлантириш ҳолатлари кўпаймоқда. Қонунларни кўриб чиқишда бу масалага ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.
Ҳайдовчиларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва уларни имтиҳон қилиш тизими тубдан қайта кўриб чиқилади.






