Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Янги Наманган туман бўлими томонидан тезкор тадбир ўтказилди.
Унда, “Ватанпарвар” ташкилотининг Наманган вилояти техник ва амалий спорт турлари маркази ўргатувчи устаси Х.М. фуқаро А.га 15 кун муддатда 600 АҚШ доллари эвазига “B. C.” тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини ўқув машғулотларига қатнашмасдан олиб беришни ваъда қилиб, 300 АҚШ доллари ва 3 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шу каби, Департаментнинг Хўжайли туман бўлими томонидан ИИВ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, “Ватанпарвар” ташкилотининг Хўжайли тумани кенгаши ўргатувчи устаси Г.У. ва фуқаро Ю.Б.лар фуқаро С.га ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бериш эвазига 1,9 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланганлар.

Худди шундай, Департаментнинг Нукус шаҳар бўлими томонидан ДХХ ҳамда ИИВ билан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Қ.А. фуқаро А.га гўёки Қорақалпоғистон Республикаси ЙҲХБда ишловчи танишлари орқали ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бериш эвазига 3 млн сўмни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.







