АсосийJamiyat

Дипломатик терминлар изоҳли луғати яратилди

'Дипломатик терминлар изоҳли луғати яратилди'ning rasmi

Ўзбекистон ташқи ишлар ишлар вазирлиги раҳбариятининг бевосита ташаббуси ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси кўмаги  билан «Дипломатик терминлар изоҳли луғати» китоби чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Китоб Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Халқаро муносабатлар бўйича ахборот-таҳлилий маркази ходими Исроил Шамсимуҳамедов  томонидан нашрга тайёрланган.

Бугун, 17 февраль куни Ташқи ишлар вазирлигида  ушбу изоҳли луғатнинг тақдимоти ўтказилди.

Анжуман иштирокчилари «Дипломатик терминлар изоҳли луғати»нинг мазмун-моҳияти ҳамда бугунги кундаги аҳамияти ҳақида сўз юритди. У ўзбек диломатияси нутқининг ривожига хизмат қилиши  билдирилди. Ушбу китоб соҳа ходимлари учун муҳим ва амалий қўлланма экани, унда жамланган дипломатия соҳаси учун жуда муҳим бўлган сўзлар, иборалар, уларнинг тавсифлари  қайд этилди.

Луғат кенг дипломатлар оммаси, талабалар, таржимонлар, ОАВ ва ушбу соҳага қизиқувчиларга мўлжалланган.

Тўпламда 400 га яқмн истеъмолда бўлган сўз ва сўз бирикмалари, халқаро дипломатия соҳасидаги терминлар ва халқаро муносабатларда кенг  қўлланадиган сўз ва атамалар жамланган.

Тақдимотда сўнгги йилларда мамлакатимизнинг бутун дунёга тобора очилиб бораётгани боис ўзбек тилини ўрганишга бўлган қизиқиш ва талаб ортаётгани таъкидланди. Шу боис бугунги кунда давр талабларидан келиб чиққан ҳолда тузилган  ушбу луғатга катта эҳтиёж сезилмоқда.

— Бу луғат  халқаро муносабатлар терминологияси йўналишидаги ишларимизнинг дебочаси, – деди Вазирлар Маҳкамаси  департаменти масъул ходими Ғофир Ҳамроев. — Ҳали бу борада қиладиган ишларимиз жуда кўп. Чунки, ҳозирга қадар  ташқи сиёсат бўйича  ўзбек тилидаги луғат яратилмаган эди. Ўзбекистон халқаро дипломатиясини ривожлантиришда ушбу соҳага оид ўзбек тилидаги атамаларни ишлаб чиқиш зарурияти пайдо бўлмоқда.  Қайд этиш  жоизки, Ташқи ишлар вазирлиги  давлатимиз раҳбари  ва ҳукуматимиз томонидан ўзбек тилининг нуфузини халқаро майдонда ошириш бўйича қўйилётган талабларни оғишмай бажармоқда.  

Китоб муаллифи Исроил Шамсимуҳамедов луғат тузиш масъулиятли жараён экани, шундай мазмундаги кўпроқ китобларни нашрга тайёрлаш зарурлигини таъкидлади.

— Вазирлар Маҳкамаси ва Ташқи ишлар вазирлиги кўмагида дунё юзини кўрган ушбу китобни яратишга қариб икки йил вақт сарфланди, - деди у. – Иш жараёнида бу борадаги халқаро тажриба билан чуқур танишдик, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети профессор-ўқитувчилари яқиндан ёрдам берди. Луғатдаги атамаларни танлашда ўзбек тили мезонлари ва тил нормаларига риоя қилинди.

Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди.

    Бошқа янгиликлар