АсосийJamiyat

Ўзбекистонда 800-900 грамм чақалоқда ҳам жарроҳлик амалиётлари ўтказилиши мумкин

'Ўзбекистонда 800-900 грамм чақалоқда ҳам жарроҳлик амалиётлари ўтказилиши мумкин'ning rasmi

ССВ Матбуот хизмати тиббиёт фанлари доктори, профессор, II даражали “Саломатлик” ордени соҳиби Бахтиёр Эргашев билан юртимизда неонатал хирургия истиқболларига доир суҳбат ўтказди:

“Интенсив палата” тажрибаси

—  Неонатал хирургия ўқув-даволаш-методик марказимизда янги тажрибани йўлга қўйганмиз, — дейди муассаса раҳбари Б. Эргашев. — Яъни Хирургия бўлимининг ўзида интенсив палата ташкил этилди. Бу кичик реанимация хонаси бўлиб, чақалоқ операциядан олдин ҳам, кейин ҳам шу ерга ётқизилади.

Бу тажриба хирургларнинг масъулиятини икки карра оширади. Чунки жарроҳ операциядан кейин беморни реаниматолог-шифокорга топширгач, унинг кейинги аҳволидан бехабар қолади. Эндиликда ҳар бир хирург чақалоқнинг туғилишидан то операциядан кейинги муолажаларгача бўлган жараёнларни бевосита назорат қилиб боради.

800-900 грамм чақалоқда ҳам жарроҳлик амалиётлари ўтказилиши мумкин

—  Эрта туғуруқларда ҳам жарроҳлик амалиётлари ўтказишга тўғри келади. Ҳатто, бундай операциялар тиббий кўрсатмага мувофиқ, 800-900 граммлик чақалоқларда ҳам бажарилиши мумкин.  

Муассасамизга Қозоғистон ва Тожикистон каби қўшни давлатлардан ҳам беморлар олиб келинади. Шундай экан имкониятларимизни янада кенгайтириш зарур. Бу кўпроқ тиббий технология масаласига бориб тақалади. Шунга қарамай, ўтган йили 2020 йилга нисбатан 7,8 фоиздан ортиқ бемор қамраб олинди.  

Ҳудудлар учун 40 нафардан зиёд неонатал хирург тайёрланди

—  Ўқув-даволаш-методик маркази бўлгани учун муассасамизда мутахассислар тайёрлаш ишлари ҳам йўлга қўйилган. Жумладан, ўтган давр мобайнида 4 та вилоятдаги ҳудудий марказларимиз учун 40 нафардан ортиқ неонатал хирург тайёрланди. Келгусида бу йўналишда мутахассислар тайёрлаш қамрови ва сифатини янада оширишни мақсад қилганмиз.

    Бошқа янгиликлар