АсосийJamiyat

Наманганда 1 синф ўқувчиларини уйга вазифа бажармагани сабаб изза қилган ўқитувчи ишдан олинди (видео)

'Наманганда 1 синф ўқувчиларини уйга вазифа бажармагани сабаб изза қилган ўқитувчи ишдан олинди (видео)'ning rasmi

Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги 13-мактабда дарс тайёрламаган 1 синф ўқувчилари доскага чиқарилиб, ўқитувчи томонидан изза қилинган, оқибатда ўқитувчи ишдан олинган. Бу ҳақда вилоят халқ таълими бўлими хабар берган.

Бироқ "Ёшлар" телеканалининг "Янги давр" информацион дастурида маълум қилинишича, изза қилинган ўқувчилар ота-оналари синф раҳбарининг ишдан кетмаслигини сўрамоқда.

Қайд этилишича, ота-оналар ўқитувчининг ишдан олинмаслиги лозимлиги, фаолиятини давом эттириши кераклигини таъкидлашган.

"Болалар билими пасайиб кетмаслиги учун карантин пайти ўзи уйма-уй юриб ўқувчиларни ўқитиб келган бу аёл", — деган ўқувчилардан бирининг отаси.

Маълум бўлишича, видеони устознинг ўзи тасвирга олган. Бундан мақсад болалар дарсларни бажармаётганини ота-оналарига кўрсатиш бўлган.

"Ўқувчиларимнинг ота-оналари билан шахсий гуруҳ очганмиз. Болаларнинг камчилиги, дарсларни бажармаётгани ҳақида улар билан муҳокама қилиб турардик. Видеони ўзим олиб, ота-оналарга юборганман. Бунда мана шу ўқувчилар хулоса чиқариб олсин, деган мақсад бор эди, ёмон ниятда қилинмаган. Бу ишимдан пушаймонман, бу ҳолат бошқа қайтарилмайди", — дея қайд этган у.

Ҳолат юзасидан синф раҳбари билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган. Меҳнат кодексининг 181-моддаси (интизомий жазолар) 1-бандига кўра, ўз вазифасига совуққонлик билан қарагани учун таълим муассасаси директори, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарига ҳайфсан интизомий жазо чораси қўлланган, ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари эса жиддий огоҳлантирилган.

    Бошқа янгиликлар