Бугун, 20 февраль куни Ўзбекистон Республикаси билан Саудия Арабистони Подшоҳлиги ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ташқи ишлар вазири Файсал бин Фархон Ол Саудга табрик йўллади.
Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Юсуп Кабулжанов хабар бермоқда.
Таъкидланишича, табрикда Ўзбекистон – Саудия Арабистони муносабатлари сўнгги йилларда ижобий суръат касб этиб, амалий мазмунга эга бўлаётгани қайд этилган.
Шунингдек, Ўзбекистон томони Саудия Арабистони билан барча соҳаларда ўзаро манфаатли конструктив ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлиги билдиргани айтилади.
"Шуни алоҳида қайд этиш керакки, 2023 йилда Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош ассамблеясининг 25-сессиясини Самарқанд шаҳрида ўтказиш бўйича Ўзбекистон ташаббусини Саудия Арабистони томони қўллаб-қувватлаган",-дейилади хабарда.






