АсосийJamiyat

Дунёнинг етакчи клиникасида ишлаган ўзбек шифокори Жиззахга қайтди

'Дунёнинг етакчи клиникасида ишлаган ўзбек шифокори Жиззахга қайтди'ning rasmi

Россияда шифкор бўлиб ишлаётган ўзбек йигити Жиззахга қайтиб ишлашга қарор қилди. Бу ҳақда ССВ Матбуот хизмати хабар қилмоқда. 

Фарудун Тўраев —  маҳоратли анестезиолог-реаниматологлардан бири. Ҳозир 29 ёшда. Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳридан. Самарқанд давлат тиббиёт институтини тамомлаган.

2019-2021 йилларда Россиянинг Бакулев номидаги юрак-қон томир касалликлари жарроҳлик марказида кардиоанестезиология ва реанимация йўналишида ординатурада ўқиган. Шундан сўнг мазкур марказда ишлаб тажриба орттирган.  

— Россиядаги фаолиятим давомида юрак-қон томир тизимидаги деярли барча операцияларда иштирок этдим,  — дейди Ф. Тўраев. — Қолаверса, кардиохирургик амалиётларда анестезия, яъни наркоз беришнинг ўзига хос усуллари, операциядан кейин беморларни реанимацияда даволаш, сунъий юрак аппарати билан ишлашни ўргандим.  

Ана шу даврда Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Жиззах филиалида янги очилган Кардиохирургия бўлимида ишлаш таклифи тушди. Аслида бу соҳани танлашим, қолаверса, хорижда билим оширишдан мақсадим халқимиз саломатлигига кўпроқ ҳисса қўшиш эди. Шунинг учун ҳеч иккиланмай, Ватанга қайтдим.

Фарудун суҳбат давомида Ўзбекистонда кардиохирургия соҳасидаги имкониятлар Россиядагидан кам эмаслигини, аксинча бу йўналиш жадал ривожланаётганидан тўлқинланганини таъкидлайди.  

— Кардиохирургия юқори технологик жараён бўлгани учун аввалига бироз ҳадик бор эди, — дея сўзида давом этади шифокор. — Ўзбекистонда бунга мос шароит бормикан, деб ўйлаганим ҳам рост. Жиззахдаги биринчи иш кунимдаёқ фикрим мутлақо ўзгарди. Бу ерда яратилган шароитлар, тиббий технология ва жиҳозлар кутганимдан аъло экан.  

Филиалда иш бошлаганимдан буён ўтган 6 ойдан зиёд вақт ичида тўқсондан ортиқ операцияда иштирок этдим. Бу ерда устоз шифокорлар кўмагида тажрибамни янада оширяпман. Келгусида юртимизда юрак-қон томир хасталикларига чалиниш ҳолатлари камайишига оз бўлса-да ҳиссам қўшилса, ўзимни жуда бахтиёр сезаман.

 

 

    Бошқа янгиликлар