Қозоғистонда таълим олаётган Ўзбекистон фуқаролари ўртасида «Заковат» интеллектуал ўйини доирасида «Ўзбекистон Республикасининг Қозоғистон Республикасидаги элчиси кубоги-2022» танлови ўтказилди.
Танловнинг биринчи тур ўйини кеча, 20 февраль куни Ўзбекистон элчихонаси биносида ўтказилди. Унда Остона тиббиёт университети, Л.М.Гумилёв номидаги Евросиё миллий университети, М.С.Нарикбаев номидаги Қозоғистон ижтимоий-юридик университети ва Қарағанда вилоятидаги «Bolashaq» академиясида таҳсил олаётган ёш ватандошларимиз иштирок этди.
Биринчи тур натижаларига кўра, М.С.Нарикбаев номидаги Қозоғистон ижтимоий-юридик университети жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўрин «Bolashaq» академияси ва учинчи ўрин Л.М.Гумилев номидаги Евросиё миллий университети жамоаларига насиб этди.
Ғолиб жамоаларга элчихона номидан диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
«Bolashaq» академиясининг Талабаларга хизмат кўрсатиш маркази раҳбари Айдана Апеева «Заковат» интеллектуал ўйинлари бундан олдин Академияда ўтказилганини ёдга олди.
«Ўзбекистон элчихонаси томонидан ташкил этилган ушбу билимлар мусобақаси жуда юқори савияда ташкил этилди, - деди у. - Ўйинлар жуда қизиқарли руҳда ўтди. Талабалар шу тариқа ўз билимларини синовдан ўтказишди.
«Заковат» билим олишга ва китоб ўқишга интилаётган ёшларнинг янги қирраларини кашф этишга хизмат қилади. Шу боис ўзбекистонлик талабаларнинг ҳар йили бундай тадбирларда иштирокини таъминлашга яқиндан кўмак беришга тайёр эканлигимни билдиришни истар эдим».
«Ўзбекистон Республикасининг Қозоғистон Республикасидаги элчиси кубоги-2022» турнирининг навбатдаги босқичи беллашувлари шу йил март ойида Олмаота шаҳри ва Олмаота вилояти олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган Ўзбекистон фуқаролари ўртасида ўтказилади.






