АсосийЖАМИЯТ

2022 йил “Францияда Ўзбекистон йили” бўлади — Жан-Батист Лемуан

Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Франци...

'2022 йил “Францияда Ўзбекистон йили” бўлади — Жан-Батист Лемуан'ning rasmi

Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Франция Республикасининг хориж ва Франкофония Франкофо́ния (Ла Франcопҳоние — жаҳоннинг халқаро франсуззабон мамлакатлар ташкилоти)даги туризм ва французлар ишлари бўйича вазири Жан-Батист Лемуан билан онлайн музокаралар ўтказди.

Франция томон Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги ислоҳотлари, мамлакат турсаноатидаги инвестицион имкониятлар, соҳадаги янги йўналишлар билан таништирилди. Шу билан бирга мамлакатимизда жорий қилинаётган «Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED» эпидемиологик хавфсизлик тизими асосида яратилаётган хавфсиз саёҳат шароитларига оид маълумотлар тақдим этилди.

Шунингдек Ўзбекистон раҳбарияти томонидан мамлакатда коронавирус тарқалишига қарши ҳамда барқарор эпидемиологик шароитни яратиш йўлида қабул қилинган тезкор чора-тадбирлар, пандемиянинг туризм соҳасига таъсирини юмшатишга йўналтирилган махсус дастурлар ва молиявий инструментлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Жан-Батист Лемуан Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги алоқаларнинг ривожланишига Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йилда Франция Республикасига амалга оширган ташрифи туртки берганини алоҳида таъкидлади. Зеро ушбу ташриф натижасида икки мамлакат ўртасида туризм соҳасидаги алоқалар фаоллашди, ҳамкорликдаги тадбирлар сони кўпайди, Ўзбекистон ва Франсиянинг туристик компаниялари ўртасидаги кооперация сезиларли даражада кенгайди.

Франция томон FASEP (Тадқиқотлар ва хусусий секторга ёрдам кўрсатиш жамғармаси) кўмагида “Geode”, «Manie Lives», “Egis”  ва бошқа франсуз компаниялари консорсиумининг Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Белдирсой-Чимён-Нанай” халқаро курортига доир фаолиятини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Бундан ташқари, вазир Франция томон 2023 йилда Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош ассамблеясининг 25-йиғилишини ўтказишда ҳамда 2021-2025 йилларда Ташкилот Ижроия қўмитаси аъзолигига Ўзбекистон номзодини қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Шу билан бирга, туризм соҳаси учун кадрлар тайёрлашда ҳамкорлик алоқаларини яна-да кучайтиришга оид келишувга эришилди. Ўзбекистонда Франциянинг етакчи олий таълим муассасалари филиалларини очишга оид лойиҳалар, қўшма таълим дастурларини амалга ошириш шулар жумласидандир.

Учрашув доирасида шунингдек кейинги йилларда маданий-гуманитар лойиҳаларни йўлга қўйиш, жумладан Париждаги “Лувр” музейида “Марказий Осиё улуғворлиги. Ўзбекистоннинг карвон йўлларида” кўргазмаси ва Араб дунёси институтида “Ипак йўли бўйлаб” кўргазмасини ўтказишга алоҳида эътибор қаратилди. Жан-Батист Лемуаннинг сўзларига кўра, ушбу кенг кўламли лойиҳалар ортидан 2022 йил “Францияда Ўзбекистон йили” бўлади. Бу эса Ўзбекистоннинг бор гўзаллиги ва маданий бойлигининг франсузлар томонидан муносиб баҳоланишига замин яратади.

    Бошқа янгиликлар