АсосийSiyosat

Сардор Умурзаков Покистон бош вазири Имрон Хон билан учрашди

'Сардор Умурзаков Покистон бош вазири Имрон Хон билан учрашди'ning rasmi

Исломобод шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон билан учрашди. Бу ҳақда вазирлик хабар бермоқда.

Қайд этилишича, суҳбат чоғида устувор йўналишларда икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинган. 

Томонлар инвестициявий, савдо-иқтисодий, шунингдек, транспорт ва логистикада ҳамкорликни янада кучайтириш чора-тадбирларига алоҳида эътибор қаратишган.

Ўзбекистон ва Покистон иқтисодий шериклик ўсиб бораётган кўрсаткичларининг фонида иккала мамлакат ўзаро савдо айланмаси ҳажмини ошириш, биргаликда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари сонини кўпайтириш ҳамда саноат кооперациясини чуқурлаштириш учун фойдаланилмаган салоҳиятга эга экани қайд этилган. Таъкидланишича, 2021 йилда пандемиянинг салбий оқибатларига қарамай, мамлакатлар ўзаро савдо ҳажмини 50 фоизга оширишга муваффақ бўлишди ва сўнгги бир неча йил ичида Ўзбекистонда Покистон капитали иштирокида фаолият кўрсатадиган корхоналар сони деярли 6 бараварга ошган.

 Шу билан бирга, томонлар енгил саноат, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича жадал иш олиб бораётгани маълум қилишган. Мавжуд барча масалаларни ҳал этишга, хусусан, Имтиёзли савдо тўғрисидаги битимни келишиш ва Транзит савдоси тўғрисидаги битимни амалга ошириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режасини ҳаётга жорий этиш билан боғлиқ қўшма тадбирларни илгари суришга ўзаро тайёрлик билдирилган.

Шунингдек,"Термиз-Мозори-Шариф-Кобул-Пешавор" транс-афғон темир йўлини қуриш лойиҳаси ва уни амалга ошириш бўйича навбатдаги тадбирларга алоҳида эътибор қаратилгани айтилади. 

Маълум бўлишича, нафақат мамлакат, балки ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинган. 

"Учрашув якунида муҳокама қилинган йўналишлар доирасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича навбатдаги тадбирлар белгилаб олинди ва келишилди",-дейилади хабарда.

    Бошқа янгиликлар