АсосийЖАМИЯТ

"Тузалиб кетсам, албатта, спортга қайтаман" — Қарийб 1 йилдан буён гематология бўйича даволанаётган спортчи

Инсон ҳаётида баъзан яхши, баъзан ёмон кунлар бўлади. Бошига тақдир синовлари тушганл...

Инсон ҳаётида баъзан яхши, баъзан ёмон кунлар бўлади. Бошига тақдир синовлари тушганлар учун кўмак бериш одамийлик намунасидир. Газетанинг ўтган сонларида Анемия ва лейкемия хайрия жамоат фондига моддий ёрдам сўраб мурожаат қилган 4 нафар беморнинг ижтимоий мурожаатларини юртдошларимизга ҳавола қилган эдик. Ушбу лойиҳамиз бошлангандан буён хайр-саховатли мухлислардан махсус ҳисоб-рақамига муайян хайрия маблағлар келиб тушди. Мурувватли юртдошларимизга кўмак беришгани учун чуқур ташаккур билдирамиз. Ёрдамга муҳтож беморларнинг мурожаатларини эълон қилишда давом этамиз.

Динара, 44 ёш, Тошкент шаҳри, 

ташхис: эпилепсия

— Мен 20 йилдан буён тутқаноқ касаллигидан азият чекаман. Бир нафар ўғлимни ёлғиз вояга етказдим. Ҳозирда у университет талабаси. Шу пайтгача жуда кўп даволандим, дардимга чора топилмади. Касаллигим ҳар қандай пайтда хуруж қилиб қолиши мумкин. Хуруж вақтида қалтис йиқилиб, бир неча марта бурним ва тишимни синдирдим, сўнг даволатдим. Шунинг учун онам ёлғиз қолдирмайдилар, доим ёнимда бўлишга ҳаракат қиладилар. Аммо ҳозир қариб қолганлар. 

Касаллик туфайли хотирам ва эшитиш қобилиятимни йўқотяпман. 440 минг сўм нафақам дори-дармонларга етмайди. Анемия ва гематология фондидан бир неча марта хайрия ёрдами олдим. Аммо биздек мунтазам даволаниши керак бўлган беморлар кўп, ҳаммасига пул етказиш қийин... Шунинг учун юртдошларимиздан ёрдам сўрамоқчиман. Имконингиз бўлса, меҳрингизни дариғ тутманг!

Рамазон, 18 ёш, Сурхондарё вилояти, 

ташхис: лейкоз.

— Мана, 8 ойдан буён гематология шифохонасида даволан­япман. Аввал лейкоз ташхиси қўйилди. Кейин 3 ой олдин коронавирус юқтириб, Зангиотада даволаниб чиқдим. Бу касаллик менда жуда қийин ўтди. Аввал умуман касал бўлмагандим. Кураш, тош кўтариш каби спорт турлари билан шуғулланардим. Бир неча марта тумандаги мусобақаларда қатнашиб, ғолиб бўлганман. Ҳозир шифохонада бепул кимётерапия қабул қиляпман. Онам ҳам ишдан қолиб, бу ерда менга қараяптилар. 

Айрим қиммат дориларга пулимиз йўқ. Тузалишим учун шуларни олишим зарур экан. Шу сабабли мурувватли инсонлардан ёрдам сўрайман. Касалим тузалиб кетса, албатта, спортга қайтаман, насиб қилса ҳали жаҳон чемпиони бўламан.

Саховатли юртдошларимиздан қуйидаги карта рақамига маблағ ўтказишларини сўраймиз: 

8600 0304 2283 9898.

Пул ўтказишни барча банк бўлимлари ёки мобиль телефонда пул кўчириш тизимлари орқали амалга оширишингиз мумкин. Пул кўчирилганлиги ҳақидаги маълумотни “скриншот” қилиб +998 95 194 64 16 рақами орқали @darakchipochta телеграм манзилига юборишингизни сўраймиз.

                                                                                                                                                                           Манзура Бекжонова

    Бошқа янгиликлар