Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бугун ташриф билан Тошкентга келган Европа парламенти Ташқи ишлар қўмитаси раиси Дэвид Макаллистерни қабул қилди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлигининг Матбуот хизмати маълум қилди.
Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, учрашувда Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди, парламентлараро мулоқотни фаоллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар ЕИ ва Марказий Осиё мамлакатларининг Афғонистон бўйича махсус вакилларининг Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган бугунги маслаҳат учрашуви ҳамда жорий йил 31 январь куни Брюсселда бўлиб ўтган «Ўзбекистон – ЕИ» парламент ҳамкорлиги қўмитасининг 15-йиғилишининг самарали натижаларини мамнуният билан қайд этдилар.
Минтақалараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни кенгайтириш, ЕИнинг етакчи компанияларини Ўзбекистонга жалб этиш зарурлиги қайд этилди.
Турли даража ва шаклларда бўлиб ўтадиган тадбирлар жадвали юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
ЕИ ва унга аъзо давлатлар билан биргаликда Оролбўйи минтақасининг экологик жиҳатдан заиф минтақасида ижтимоий йўналтирилган лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдирилди.
Музокараларда минтақавий ва халқаро кун тартибидаги масалалар ҳам кўриб чиқилди.






