Россия дунё харитасига икки янги давлатни қўшишга тиришаётган бир пайтда кўплаб мамлакатлар бу ҳаракатдан норозилигини билдирмоқда. Аммо Донецк Халқ Республикаси ва Луганск Халқ Республикасининг мустақиллигини ижобий қабул қилаётганлар ҳам йўқ эмас.
Аввал хабар қилганимиздек, кеча, 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Донецк ва Луганск халқ республикаларини тан олиш тўғрисидаги фармонга имзо чекди.
Европа Иттифоқи бу воқеани халқаро ҳуқуқнинг бузилиши деб атади ва Россияга санкциялар эълон қилишга ваъда берди. Кўп ўтмай ЕИ ўз ваъдасини бажарди. 22 февраль куни ЕИ Россия банкларига санкция кирита бошлади. НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг ҳам ушбу тан олинишни қоралади ва бу Украинадаги вазиятни тартибга солиш ҳаракатларига путур етказишини таъкидлади.
АҚШ эса бундай сценарийга аввалдан тайёр бўлганини билдирди. Океан орти мамлакати иқрорига мос равишда ЛХР ва ДХРга қарши чекловлар эълон қилишга ҳам улгурди. Унга кўра, 21 февралдан кейин «шу давлатларга тегишли ҳудудларда ишлаётган ёки ишлаган» ҳар қандай Россия ёки чет эл фуқаролари ва компаниялари АҚШ санкцияларига дучор бўлиши мумкин. Бундан келиб чиқадики, ДХР ёки ЛХРга сармоя киритган ҳар қандай Россия компанияларини АҚШ ўз санкциялари рўйхатига киритади.
Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон Россиянинг ДХР ва ЛХРни тан олишини халқаро ҳуқуқнинг бузилиши деб баҳолади ва Бирлашган Қироллик Россиянинг бешта банкига нисбатан санкциялар жорий қилаётганини маълум қилди. Шунингдек, у май ойида Санкт-Петербургда ўтказилиши белгиланган Чемпионлар лигаси финали Украинадаги можаро туфайли Лондоннинг «Уэмбли» стадионига кўчирилиши мумкинлигини маълум қилди.
Франция президенти Эммануэль Макрон Россиянинг ДХР ва ЛХР мустақиллигини тан олганини кескин қоралади ва Европа Иттифоқини бунга нисбатан чора кўришга чақирди. Макрон бу тан олинишни Россиянинг халқаро мажбуриятларни бузиш ва Украина ҳудудий яхлитлигига путур етказиш деб атади.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Украинадаги вазиятга изоҳ бераркан, халқаро ҳуқуқ нормаларига содиқ қолиш лозимлигини таъкидлади:
— Хитойнинг Украина масаласи бўйича позицияси изчил. Боиси ҳар қандай давлатнинг қонуний хавфсизлик манфаатлари ҳурмат қилиниши, БМТ Низомининг мақсад ва тамойилларига риоя қилиниши керак. Украина масаласининг ривожланиши ҳали ҳам Минск келишувини самарали амалга оширишнинг кечикиши билан чамбарчас боғлиқ. Бу вазиятдаги энг тўғри ечим барча томонларнинг босиқлик ва ўзаро мулоқотга асосланиб хулоса чиқариш, — дейилади изоҳда.
Япония Украина атрофидаги вазият туфайли Россияга қарши қатор тақиқлар тайёрламоқда. Жумладан, Россияга Япониянинг юқори технологияли маҳсулотлари, чиплар, робототехника қурилмаларини экспорт қилиш тўхтатилиши мумкин, – дея ёзди Кунчиқар мамлакатнинг марказий нашрларидан бўлган Yomiuri газетаси.
Германия ҳам бу вазиятга қаршилик кайфиятида эканини билдирди ва мамлакатнинг ташқи ишлар вазирлиги Россияни ДХР ва ЛХРни тан олиш ҳақидаги қарорни бекор қилишга чақирди.
Шунингдек, Латвиянинг Сейм спикери ДХР/ЛХР мақомининг ўзгариши ҳеч қачон тан олинмаслиги тўғрисида резолюция ташаббуси билан чиқишга ваъда берди. Польша бош вазири Матеуш Моравеский эса дунё ҳамжамиятини зудлик билан Европа Иттифоқи саммитини чақиришга ва Россияга қарши санкциялар жорий этишга чақирди. Италия Ташқи ишлар вазирлиги бу фармон Минск келишувларига зид эканлигини ва инқирозни дипломатия йўли билан ҳал қилишнинг олдини олиш тарафдори эканини айтди.
Грузия президенти Путиннинг қарорини қоралади ва буни 2008 йилги сценарийнинг такрорланиши деб атади.
Катта баҳс ва мунозараларга сабаб бўлган фармонни қўллаб-қувватлаган Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг фикрича, бу «сиёсий боши берк кўчадан чиқишнинг ягона йўли» эди:
—ДХР ва ЛХР халқлари ниҳоят халқаро майдонда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қила оладилар, ўз заминида тинчлик ва осойишталик учун курашадилар. Бу тарихий кун, — дейди Қодиров.
Абхазия ҳам Россиянинг Донбасс бўйича қарорини олқишлади. Жанубий Осетия янги мамлакатларни тан олишни қўллаб-қувватлади.
Яман хусийлари ЛХР ва ДХР мустақиллигини ижобий қабул қилдилар. Сурия президенти Башар Асад Дамашқ Путиннинг бу қарорини тан олишга тайёрлигини маълум қилди.
Рисолат МАХСИМОВА






