1

Танасига арматура кириб кетган бемор уйига қайтди

ЖАМИЯТ 24.02.2022, 19:43
Танасига арматура кириб кетган бемор уйига қайтди

Аввалроқ, ёш йигитнинг бахтсиз ҳодиса сабабли жиддий жароҳат олгани, тиббиёт ходимлари унинг танасига кириб кетган арматура бўлагини мураккаб жарроҳлик йўли билан чиқариб, ҳаётини сақлаб қолгани ҳақида хабар берган эдик. 

ССВнинг маълум қилишича, фуқаронинг аҳволи яхшиланган ва уйига қайтарилган.

2005 йилда туғилган Р.С. ўтган йилнинг 20 декабрида оғир аҳволда ва ҳушсиз ҳолатда шифохонага олиб келинган.  

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қабул бўлимида мутахассислар кўригидан сўнг беморнинг бош мия, бўйин, кўкрак ва бел-умуртқа соҳалари, кўкрак қафаси, қорин бўшлиғи аъзолари МСКТ қилинган.  Шунингдек, қорин бўшлиғи ва кўкрак қафаси ультратовуш текширувидан ўтказилган.

Аниқланишича, металл парчаси бемор кўкрак қафасининг ўнг орқа юзаси, 7 ва 9-қовурғалари орасидан кириб, 6-кўкрак умуртқасини тешиб ўтган ва орқа мия эзилишига сабаб бўлган. Сўнгра ўнг ўмровости артерияси тагидан ўтиб, бош суяги мия асосининг ўрта чуқурчасини тешиб кирган. Бош мия ўрта даражада лат еган.  

Бундан ташқари, ўнг чакка суяги ва орқа миянинг очиқ, тешиб ўтган жароҳати, 6-кўкрак умуртқасининг майдаланиб синиши каби ўта оғир шикастланишлар бемор ҳаётига хавф солиб турган эди.

Марказнинг кардиохирург, нейрохирург, торокал ва умумий жарроҳ, травматолог, анестезиолог ва реаниматолог каби 10 дан ортиқ энг малакали мутахассислари томонидан 5 соатдан зиёд давом этган амалиётда кам учрайдиган мураккаб жарроҳлик операцияси муваффақиятли ўтказилиб, натижада беморнинг ҳаёти сақлаб қолинган.  

Ўтказилган даво чоралари натижасида беморнинг умумий аҳволи яхшиланди. Саломатлигидаги ижобий ўзгаришлар, тиббий текширувлар натижалари қониқарли бўлгани инобатга олиниб, бугун унга уйига рухсат берилди. Р. С. тиббий кўрсатмага мувофиқ, реабилитация муолажаларини давом эттиради.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1