Аввал хабар берганимиздек, бугун, 24 февраль куни тонгда Украинада ҳарбий ҳолат эълон қилинди. Россия мудофаа вазирлиги Украина ПВО тизими, ҳарбий аэродромлар ва ҳарбий авиацияси "юқори аниқлик"да йўқ қилинаётгани, аҳоли ҳаётига хавф туғдирилмаслиги ҳақида маълум қилди.
Владимир Путин эса ҳужумни бошлаш ҳақида видеомурожаат йўллади. Видео тарқалгач, Украина маъмурлари аҳолини паника қилмасликка, уйда қолишга чақирди.
Юзага келган фавқулодда вазият оқибатида ижтимоий тармоқларда фейк хабарлар ҳаддан ташқари кўп тарқамоқда, Украина ҳарбий объектларига ҳужумлар давом этмоқда. Куннинг биринчи ярмида Киевда ПВО сигнали ишга тушди, Россия ва Қозоғистон биржаларида савдо бўлмаяпти, рубль қулашда давом этмоқда, ғарб қатъий санкцияларга тайёргарлик кўрмоқда.


Украинада уруш қуруқликда ҳам давом этмоқда. Луганскда иккита қишлоқ сепаратист республика қўлига ўтган, Украина тарафи Россия ҳарбий самолёт ва учоқлари уриб туширилганини маълум қилган. Россия тарафи Украина чегарада ҳеч қандай қаршилик кўрсатмаётганини билдирган. Киевда метрога кириш текин қилинган, метро бомбадан ҳимояланиш иншоотига айланган.

Ҳаво ҳужумлари ортидан оғир артиллерия Украина ҳудудига ҳужум қилмоқда, буни танклар ва бошқа қурол-яроғ ортган ҳарбий техникалар ҳаракатидан ҳам билиш мумкин. Украина тарафининг айтишича, мамлакатнинг 17 та ҳудудида портлашлар, ўқ отишлар овози кузатилмоқда. Владимир Зеленский ҳар соатда аҳолига мурожаат қилиб боришини таъкидлади. У, шунингдек, жавоб зарбаларини беришга буйруқ берган.
Украина Россия билан дипломатик алоқаларини узди. Россия Гитлер Германияси каби эрта тонгда ҳужум қилди, дея таъкидлади — Украина президенти Зеленский.
Украина тушга қадар 40 нафар ҳарбийси ҳалок бўлганини расман тасдиқлади.

Россия қўшинларининг Украинага ҳужуми яна жадаллашди. Киев ва унинг атрофига нафақат ракета ҳужумлари уюштирилмоқда, балки десантлар ҳам ташланмоқда. Украина ялпи мобилизация эълон қилди. Украина ахборот агентликлари 20 га яқин Россия вертолёти Киев яқинидаги Костомель шаҳрига ҳужум қилаётганини таъкидламоқда. Ижтимоий тармоқларда Херсон вилоятидаги Каховская ГЭСи ва Шимолий Қрим канали ҳам русларнинг қўлига ўтгани айтилмоқда.
Украина қуролли кучлари Россия танкларига қарши Байрактар ва Javelin қуролларини қўллаётгани ҳақида ёзишмоқда. Киев, Харьковда вазият яна жиддийлашмоқда. Шаҳар аҳолиси метрода бомбадан жон сақлашмоқда.
Украинани "қуролсизлантириш ва нацистлар"дан тозалаш мақсадида бошланган ҳужум Киевни имкон қадар ўраб олишга уринишлар билан давом этмоқда. Ҳаводан ҳужумда Украина заиф бўлиб қолмоқда, аммо десантларни тушириш, оғир артиллерияни ишлатиш ҳозирча русларга қийин ва талафот билан бўляпти.

Тошкент вақти билан соат 19:00лар атрофида Россия ҳарбий қўшинлари Киев аеропортини назорат остига олгани маълум қилинди.







