Украина президенти умумий сафарбарлик тўғрисида фармон чиқарди. Унга кўра,18 ёшдан 60 ёшгача бўлган Украина эркак фуқароларининг мамлакатни тарк этиши тақиқланади.
Сўнгги маълумотларга кўра, шиддатли жанглардан сўнг Украина қуролли кучлари пойтахтдан 35 километр узоқликда жойлашган Гостомел аэропортини ўз назоратига қайтарган.
Донбассдаги вазият туфайли Москвада махсус ҳарбий операция деб аталаётган жанглар бир вақтнинг ўзида бир неча йўналишда олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Россия президенти Владимир Путин кеча, пайшанба куни Россия ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашув ўтказди.
"Бўлаётган нарса мажбурий чора. Тўғри, улар бошқача қилиш имкониятини қолдиришмади. Россия жаҳон иқтисодиётининг бир қисми бўлиб қолмоқда ва бу борада биз ўзимизни бир бўлагидек ҳис қилаётган тизимга зарар етказмоқчи эмасмиз. Шунинг учун ҳамкорларимиз буни тушунишлари ва бизни бу тизимдан сиқиб чиқариш вазифасини ўз олдиларига қўймасликлари керак, деб ўйлайман",-дейди у.
Украина президенти Владимир Зеленский бир суткада мамлакатнинг 137 фуқароси ҳалок бўлганини таъкидлаган. Қайд этилишича, улар орасида 10 нафар аскар ҳам бор.
Шунингдек, у кўплаб давлат раҳбарлари билан музокаралар олиб борганини айтиб, Украина кучли қўллаб-қувватланмаса, уруш уларнинг эшигини ҳам тақиллатишидан огоҳлантирди.
"Биз Украина уруш йўлини танламаганини қайта-қайта таъкидлаймиз. Украина тинчлик йўлига қайтишни таклиф қилади, - дейди Владимир Зеленский.
Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги Украина шаҳарларига зарбалар берилмаганини, ҳарбий инфратузилма эса юқори аниқликдаги воситалар ёрдамида ўчирилганлигини даъво қилмоқда.
Дилбар Абдунабиева






