АсосийJamiyat

"Яқин истиқболда қонунлар сунъий интеллект ёрдамида ишлаб чиқилади" – Адлия вазири ўринбосари

'"Яқин истиқболда қонунлар сунъий интеллект ёрдамида ишлаб чиқилади" – Адлия вазири ўринбосари'ning rasmi

Адлия вазирлиги томонидан АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (УСАИД) билан ҳамкорликда “Стратегик ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлаш: якуний таҳлил ва янги чақириқлар” мавзусида халқаро анжуман ўтказилмоқда. Бу ҳақда вазирлик хабар берди. 

Тадбир давомида адлия вазири ўринбосари Алишер Каримов нутқ сўзлаб, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида ҳуқуқшунослар олдида турган энг асосий чақириқларни санаб ўтди.

“Олдимизда турган энг асосий чақириқлардан бири – бу жадал ривожланиш даврида қонунчилик барқарорлигини таъминлаш. Бугунги кунда бутун дунёда прогресс ортидан тартибга солиш жуда тез ўзгариб бормоқда. Муносабатларни рақамли форматга ўтиши нафақат уларни ўз вақтида сифатли тартибга солиш, балки норма ижодкорлигига нисбатан хозирги амалиётдан тубдан фарқ қиладиган талабларни қўймоқда.

Шу боис иккинчи чақириқ – бу норма ижодкорлигига рақамли ёндашув. Яқин истиқболда қонунлар сунъий интеллект ёрдамида ишлаб чиқилади ва автоматик равишда ижрога қаратилиб, назорат қилинади. Бу ўтишга ҳуқуқшунослар сунъий интеллектнинг бошқарувчиси сифатида тайёр бўлишлари лозим.

Учинчи чақириқ – норма ижодкорлигида сифатли, оператив ва осон қайта алоқа. Юзага келаётган муносабатларни тартибга солиш учун ҳуқуқшунослар билимлари етарли эмас, турли соҳалардаги мутаҳассилар ёрдами керак. Шунинг учун тартибга солиш механизмларини ишлаб чиқишда давлат бизнес, илм-фан ва фуқаролик жамияти билан бамаслаҳат иш тутиши лозим. Бунинг учун жамоатчилик муҳокамаси, тартибга солиш таъсирини баҳолаш каби қулай воситалар керак.

Тўртинчи чақириқ – ҳуқуқий маконнинг глобаллашуви. Замонавий шароитларда интеграция жараёнларидан, уларнинг ютуқ ва муаммоларидан ҳеч қайси мамалакат четда қолмайди. Буни пандемия ҳам исботлаб берди. Савдо-сотиқ, иқтисодий, маданий алоқалар дунё мамлакатлари бўйлаб бир-бирига сингиб кетган. Шу боис ушбу соҳадаги тартибга солиш механизмлари имкон қадар универсал ва барча учун тушунарли бўлиши лозим”, — деди Адлия вазири ўринбосари А. Каримов.

    Бошқа янгиликлар