АсосийSport

Спорт курашлари: Истанбул турнирининг илк кунида вакилларимиз чиқиши ҳақида маълумот берилди

'Спорт курашлари: Истанбул турнирининг илк кунида вакилларимиз чиқиши ҳақида маълумот берилди'ning rasmi

Шу кунларда Туркиянинг Истанбул шаҳрида спорт курашлари бўйича йилнинг дастлабки рейтинг турнири бўлиб ўтмоқда.

Кеча ўтказилган мусобақанинг биринчи кунида юнон-рум курашчиларимиз муваффақиятли иштирок этишди. Улар терма жамоамиз ҳисобига 3та олтин ва яна битта бронза медалини қўшиб қўйди. Бу ҳақда Спортни ривожлантириш вазирлиги хабар берди. 

Даставвал -63 кг вазн тоифасидаги ҳамюртимиз Исломжон Баҳромов финал беллашувида молдовалик жаҳон чемпиони Виктор Чиобануга ҳеч қандай имконият қолдирмади. Номдор рақибини 9-0 ҳисобида мағлуб этган Баҳромов Истанбул рейтинг турнири ғолибига айланди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керак, Исломжон финалга қадар озарбайжонлик Талеҳ Маммадовни 8-2, туркиялик Раҳман Биличини 9-6, қирғизистонлик Дастан Кадировни 9-1 ҳисобида таслим этди.

Яна бир курашчимиз Маҳмуд Бахшиллоев ҳам мусобақанинг олтин медалини қўлга киритди. У -67 кг вазн тоифасида ҳал қилувчи финал баҳсида норвегиялик Мортен Торесенга қарши баҳс олиб борди ва рақибини 5-2 ҳисобида доғда қолдирди.

Бухоролик полвонимиз ҳам финалга қадар туркиялик полвонлар Фуркан Сонкурни 8-1 ҳамда Волкан Чакилни 5-1, Фуркан Йилдизни эса 4-3 ҳисобида мағлубиятга учратди.

Энг тажрибали “классигимиз” Рустам Ассакалов эса -97 кг вазн тоифасида чемпионлик шоҳсупасига кўтарилди. У финалда финляндиялик Арви Мартин Саволайненни 5-1 ҳисобида доғда қолдирди.

Ассакалов финалга қадар италиялик Николоз Кахелашвили, туркиялик Абдул Кадер, литвалик Вилиус Лауринатис ва норвегиялик Феликс Балдауфни ишончли тарзда мағлубиятга учратди.

Ва ниҳоят яна бир вакилимиз, учта Олимпия ўйинлари иштирокчиси, мусобақанинг 130 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Мўминжон Абдуллаев бронза медалига сазовор бўлди. Абдуллаев қозоғистонлик Алимжан Сиздиковга қарши баҳс олиб борди ва рақибини 4-1 ҳисобида мағлубиятга учратди.

Мўминжон бронза медали йўлидаги ўтиш баҳсида финляндиялик Конста Маеинпаини 5-1 ҳисобида таслим этган эди. Мусобақа давом этмоқда.

    Бошқа янгиликлар