Бугун, 25 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Ҳелга Шмид билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлигининг Матбуот хизмати маълум қилди.
Суҳбат давомида аниқ лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали Ўзбекистон билан ЙХҲТ ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Томонлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо бўлганлигининг 30 йиллиги (1992-йил 26-феврал) муносабати билан ўзаро табриклар алмашдилар.






