1

ТИВ Украинадаги уруш майдонида қолган талабаларни эвакуация қилиш бўйича баёнот берди

ЖАМИЯТ 26.02.2022, 17:23
ТИВ Украинадаги уруш майдонида қолган талабаларни эвакуация қилиш бўйича баёнот берди

Ўзбекистоннинг Украинадаги Элчихонаси вазият қай даражада мураккаб бўлишидан қатъи назар ушбу мамлакатда бўлиб турган ватандошларни эвакуация қилишни ташкил этиш бўйича кучайтирилган тартибда ишламоқда. Бу ҳақда ТИВ расмий вакили маълум қилди.

Қайд этилишича, дипломатик миссия вакиллари ўзбекистонликлар билан доимий алоқа ўрнатиб, юзага келаётган масалаларни тезкорлик билан ҳал этиб келмоқда. Харьковда бўлиб турган Элчихона масъул ходими ўзбекистонлик талабалар билан бевосита мулоқотда бўлиб, уларнинг барча масалаларини ҳал этмоқда.

“Элчихона ҳамда Украинадаги диаспорамиз вакиллари кўмагида Харьков ва Запорожье шаҳарларида бўлиб турган ўзбекистонлик талабалар уч маҳал овқат билан таъминланмоқда. Шу билан бирга, Запорожье миллий университети раҳбарияти ҳам талабаларга ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлигини билдирди”, дейилади расмий хабарда.

Бундан ташқари, Херсон, Хмельницкий, Днепр ва Одесса шаҳарларида таҳсил олаётган талабалар масалалари диаспора кўмагида ҳал этилаётгани таъкидланган.

“Айни пайтда Украина шаҳарлари ўртасидаги автомобиль ва темир йўл алоқалари бутунлай фаолиятини тўхтатган. Бундай шароитда Украинанинг шарқий ва марказий вилоятларидан ватандошларни Польша билан чегарадош Львов шаҳрига хавфсиз етказишни ташкил этишнинг вақтинча иложи бўлмаяпти.

Аммо мана шу каби жиддий хавф-хатарлар бўлишига қарамай, бир гуруҳ талабалар уларни зудлик билан эвакуация қилишни талаб этмоқда.

Шу муносабат билан Украинадаги ватандошларимизга ваҳимага тушмаслик, ёлғон маълумотларни тарқатмаслик ва Элчихонанинг хавфсизлик бўйича умумий кўрсатмаларига амал қилишларини қатъий тавсия этамиз”, дейилади ТИВ вакилининг баёнотида.

Шу билан бирга, қайд этилишича, Элчихона яқин кунларда Ўзбекистон фуқароларини Украинадан хавфсиз олиб чиқиш учун барча зарур чораларни кўрмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1