1

ХТВ вазири таълим тизимига бефарқ бўлмаган ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига мурожаат йўллади

ЖАМИЯТ 28.02.2022, 18:52
ХТВ вазири таълим тизимига бефарқ бўлмаган ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига мурожаат йўллади

Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов таълим тизимига бефарқ бўлмаган ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари, ўқитувчилар ва ота-оналарга мурожаат йўллади.

 "Халқ таълими вазирлиги фуқаролар мурожаатларини ўрганишни ўзининг асосий фаолият йўналишларидан бири сифатида белгилаб олган. Ижтимоий тармоқлардаги вазирликнинг расмий саҳифалари орқали тизимга оид мурожаатларни имкон борича кузатиб боришга  ва зарур ҳолларда уларни тезкор йўналтириб, жамоамиз билан уларни ўрганиб ечимини топишга ҳаракат қиламиз. Мактабларимизда таълим сифатини ошириш юзасидан берилаётган таклифларингиз, тизимдаги муаммо ва камчиликлар юзасидан билдирилаётган фикрларингиз тизим раҳбари сифатида мен учун жуда ҳам муҳим.

Аксарият мурожаатларнинг тагида "Бизнинг ҳам мактабимизга ташриф буюринг" деган изоҳларни ўқиб хурсанд бўламан. Масалан, Фарғона вилояти, Сӯх туманидаги 2-мактаб ӯқитувчиси Санжар Ҳисомов, Жиззах вилояти, Ғаллаорол туманидан ўқитувчимиз Рустам Мамиров мактаблар шароити билан танишиб, кадрлар салоҳиятини баҳолашни, Улуғбек Мамуров Учкўприк туманидаги мактабни назоратга олишни, Тошкент вилояти, Оққўрғон туманидан Моҳира Мустаева мактаб шароитини яхшилашни, Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз туманидаги мактаб шароитини яхшилашни сўраб Чарос Тохировна мурожаат қилган. Бундай мурожаатлар сони кўп.

Айримлар нега фақат яхши мактабга борасиз, ёмон мактабга ҳам келинг, деб ёзишади. Шу ўринда ҳудудларга борганда асосан муаммоли мактабларни ўрганишга эътибор қаратишимизни айтиб ўтмоқчиман. Ҳудуд раҳбарлари танлаган мактабларга имкон қадар бормасликка ҳаракат қилсак-да, айрим ҳолларда улар танлаган мактабларга боришимизни ҳам инкор этмайман. Шундай вазиятлар бўладики, умуман ҳеч кимга айтмай, йўлимда учраган мактабга ёлғиз кириб чиқаман, бунда ҳатто мактаб раҳбарлари ҳам борганимни билмайди ва борганим ҳеч қаерда ёритилмайди.

Халқ таълими тизимида 10 мингдан ортиқ мактаб бор, қани эди ҳар бирига бирданига боришнинг, ўқитувчилар билан суҳбатлашиб, уларни қийнаётган муаммоларни бирваракайига ҳал қилишнинг имкони бўлса. Шу мақсадда вазирлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ҳам соҳага оид барча муаммоларини ўрганиб, камчиликларни бартараф этиш мақсадида ташкил қилинганлигини ва бу Кенгашлар ҳар бир вилоятда тузилишини айтиб ўтмоқчимиз.

Дарвоқе, Халқ таълими вазирлиги барча ҳудуд раҳбарларини замонавий Таълим лидерлари қилишни мақсад қилган. Шу муносабат билан уларга юртимизнинг кўзга кўринган лидер раҳбарлари томонидан замонавий авлодни тарбиялашда замонавий бошқарув тизимини ўргатиш мақсадида мутлақо янги шаклда тренинг ташкил қилдик. Ишонаманки, 3 кун ичида ҳудудий раҳбарларимизнинг раҳбарлик тизимидаги дунёқарашлари ўзгариб, таълим тизимидаги бошқарувга янгича “ҳаво” кириб боради ва улар ўз ўрнида мактаб раҳбарларига ўрганганларини етказиб, тизимдаги бошқарувда ижобий ўзгариш юзага келади.

"Ҳурматли устозлар, ота-оналар ва кенг жамоатчилик вакиллари! Яна бир бор юборилган таклиф-мулоҳазаларингизнинг бирортаси эътибордан четда қолмаслигини билдирган ҳолда ҳар бирингизга таълим тизимига бефарқ эмаслигингиз учун миннатдорлигимни билдириб ўтмоқчиман" дейилади мурожаатда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1