АсосийДУНË

Сизни кутаётган мафтункор шаҳар ҳақида 10 муҳим маълумот (фото)

Аҳолиси ҳар йили саёҳат мавсумида икки бараварга ошадиган шаҳар ҳақида эшитганмисиз? Унинг...

'Сизни кутаётган мафтункор шаҳар ҳақида 10 муҳим маълумот (фото)'ning rasmi

Аҳолиси ҳар йили саёҳат мавсумида икки бараварга ошадиган шаҳар ҳақида эшитганмисиз? Унинг мафтункор табиати ва ўзига хос бетакрор иқлими ҳақида-чи? Гўзал тарихий манзаралар ва кайфият улашувчи денгиз шовқинидан завқ олишни истайсизми? Унда танловда адашманг ва биринчи саёҳатни Туркиянинг Анталиясига амалга оширинг. Сизга бежиз бу тавсияни бермаяпмиз, чунки биз ўзимиз кўрган ва гувоҳи бўлган саёҳат манзили сизни ҳам ҳайратда қолдиришига ишонамиз. Яхшиси саёҳат манзили сифатида нега Анталияни танлашингизга оид 5 муҳим фактни келтирамиз, ана шунда тўғри қарор қабул қилишингиз шубҳасиз...

БИРИНЧИ ФАКТ: Туркия жанубидаги Ўрта ер денгизи соҳилидаги курорт ва порт шаҳар бўлган Анталия дунёдаги энг машҳур жойлардан бири. Анталия Туркиянинг Истанбул, Анқара, Измир ва Бурсадан кейин бешинчи йирик шаҳри. Шунинг учун кўплаб сайёҳлар шаҳарнинг ўзида эмас, балки Анталиянинг курорт ҳудудида дам олишни афзал кўришади. Туркия Маданият ва туризм вазирлиги Туризмни ривожлантириш агентлиги масъул ходими Беркан Ташаннинг маълум қилишича, ушбу шаҳар аҳолиси гарчи 1,5 миллионни ташкил этса-да, айнан саёҳат мавсумида бу кўрсаткич яна бир бараварга ошиб, қарийб 2,5 миллиондан кўпроқ кишини ташкил этади. Ана шу машҳурлик сабаб шаҳар ҳақли равишда Туркиянинг туризм пойтахти ҳисобланади. 

ИККИНЧИ ФАКТ: Анталияда об-ҳаво жуда ҳузурбахш, ёмғирли ҳавоси ҳам ёқимли ва юмшоқ. Намли иқлим шароити эса экология меъёрлари бузилишига имкон қолдирмайди. Анталиянинг табиий шароити жаннатдек туюлади. Айниқса шимолий ҳудудлардан келадиган сайёҳлар учун. Бунга биз Ўзбекистондаги Туркия республикаси элчихонаси Маданият ва туризм бўлими ҳамда Туркиянинг Маданият ва туризм вазирлигининг Туризмни ривожлантириш агентлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган пресс-саёҳат давомида гувоҳ бўлдик. 

УЧИНЧИ ФАКТ: Ўрта ер денгиз қирғоғида жойлашган Анталия жуда ихчам, ажойиб гўзалликни ўзида мужассам этган. Шунингдек, бу ерда ҳашаматли табиатдан ташқари, меҳмонларга муносиб хизмат кўрсатишни ҳам билишади.

ТЎРТИНЧИ ФАКТ: Кўпчилик Ернинг бу бурчагига ташриф буюришининг биринчи сабаби - бу ўзини "одам" каби ҳис қилиш, самовий жойда фаровонликда дам олиш истагидир. Бунга ўзимиз гувоҳ бўлдик. Ахир бежизга бошидан ўтказган табиб, дейишмайди-да... Ўрта ер денгизи қирғоғига бориб, биз гувоҳи бўлган у ердаги кишини ҳайратда қолдирадиган атмосфера завқини таърифлашга сўз ожизлик қилади, десак муболағага йўйманг, чунки бу факт! Ишонмасангиз, бориб кўринг!

БЕШИНЧИ ФАКТ: Айнан бугун, яъни 1 март куни Анталияда саёҳат мавсумига старт берилди. Бунда ажойиб пляжлар сизга янада завқ улашишига ҳеч шубҳа йўқ. Ишонаверинг, Анталияга саёҳатингиз учун сарфлаган пулингиз эвазига ажойиб кайфиятга эга бўласиз!

ДАРВОҚЕ... ҚИСҚАЧА АНТАЛИЯ ТАРИХИДАН ХАБАРДОРМИСИЗ?

Туркия Маданият ва туризм вазирлиги Туризмни ривожлантириш агентлиги масъул ходими Беркан Ташаннинг тарихий манбаларга таяниб маълум қилишича, Анталия шаҳрига милоддан аввалги 159 йилда асос солинган. Шаҳар асосчиси Пергамон қироллиги шоҳларидан бири - Атталос II. 

Тарихий манбаларга кўра, шаҳарга асос солган Атталос II шарафига Атталеиа номи берилган. Милоддан аввалги 133 йилда. шаҳар Рим императори Адриан томонидан босиб олинган. Адриан буйруғи билан шаҳар қалъа деворининг шарқий қисми таъмирланиб, унинг шарафига монументал дарвоза ўрнатилган. Бугунги кунда ана шу дарвоза Антальянинг сайёҳлар томонидан энг кўп бориб томоша қиладиган масканларидан биридир.

Барно МАДАЛИЕВА, Тошкент-Анталия

    Бошқа янгиликлар