Россия президенти Владимир Путин "АҚШ ва унга қўшилган хориж давлатлари, халқаро ташкилотларнинг нодўстона хатти-ҳаракатлари муносабати билан махсус иқтисодий чоралар қўллаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Ҳужжат имзоланиши билан кучга кирди, деб хабар берди «Медуза».
Хабарда айтилишича, 1 мартдан бошлаб Россия резидентлари:
- хориж валютасини хориждаги банклар ва молия ташкилотларида очилган ҳисобрақам ва омонатларига ўтказа олмайди;
- хориждаги тўлов хизмати кўрсатувчилар (банк ҳисобрақамини очмасдан) электрон тўлов воситаларидан фойдаланган ҳолда пул ўтказмаларини амалга ошира олмайди;
- қарз шартномалари бўйича норезидентларга хориж валютасини ўтказа олмайди.
Бундан ташқари, Россия резидентлари — ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари — норезидентларга товар сотиш ва хизмат кўрсатишдан ўз ҳисобларига тушган валюта айланмасининг 80 фоизини сотишлари шарт. Буни фармон кучга кирганидан сўнг уч кун муддат ичида амалга ошириш лозим.






