1

Болливуд режиссёри Умеш Мехра билан видео-мулоқот ташкил этилди

МАДАНИЯТ 03.03.2022, 19:03
Болливуд режиссёри Умеш Мехра билан видео-мулоқот ташкил этилди

Бугун Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов таниқли режиссёр Умеш Мехра билан видео-мулоқот ўтказди. Унда ко-продукция бўлиши режалаштирилган янги кинолойиҳа "Хива лангари" бадиий фильми муҳокама қилинди.

Агентлик бош директори шоир ва мутафаккир Паҳлавон Маҳмуд ҳақидаги ушбу фильмни ҳиндистонлик киноижодкорлар билан бирга яратишни таклиф қилди. Болливуд режиссёри бу таклифга ўз розилигини билдириб, Ҳиндистонда ўтказиладиган съёмка жараёнларига амалий кўмак беришини таъкидлади.

— Тарихда ўзбек ва ҳинд киноижодкорлари ҳамкорлигида яратилган киноасарлар талайгина. Халқларимиз маданияти, урф-одатлари яқинлиги ко-продукциялар яратишимизда дебоча вазифасини ўтайди. Ҳинд киноижодкорлари билан ҳамкорликда ишланган фильмлар ўзбек киносининг олтин хазинасига айланган. Ўйлайманки, буюк бобокалонимиз Паҳлавон Маҳмуд ҳақидаги мазкур фильм ҳам ўз томошабинини топади, — деди Фирдавс Абдухолиқов.

Бадиий фильмда Хоразм воҳасининг ўзига хос қадимий урф-одатларини кўрсатиб бериш билан бир қаторда ўша даврга хос миллий кийим-кечаклар, қурол-аслаҳалар базаси акс эттирилади. Паҳлавон Маҳмуд ҳаётини кўрсатиш билан бирга, минг асрлардан буён ўз тарихини сақлаб қола олган кўҳна Хива билан боғлиқ миллий ва қадимий обидалар, юрт бағрида етишиб чиққан файласуфлар ижоди ҳақида ҳикоя қилинади.

Фильмнинг постановкачи режиссёри Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Ҳамидулла Ҳасанов, сценарий муаллифлари Анвар Эргашев, Юлия Медведовская ва Жасур Маҳмудов, постановкачи оператор Ҳабибулла Ҳасанов, рассом Ниғмат Жўраев. Ҳозирда фильмнинг суратга олиш ишларига тайёргарлик кўрилмоқда. Маълумот ўрнида, фильмда ўзбек киноижодкорлари билан бирга ҳинд актёрларининг ҳам роль ижро қилиши режалаштирилган.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1