АсосийСИËСАТ

Шавкат Мирзиёевдан терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича 5 муҳим таклиф

Аввал хабар қилганимиздек, бугун, 3 март куни Тошкентда “БМТ Глобал аксилтеррор стратегияс...

'Шавкат Мирзиёевдан терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича 5 муҳим таклиф'ning rasmi

Аввал хабар қилганимиздек, бугун, 3 март куни Тошкентда “БМТ Глобал аксилтеррор стратегияси (ГАТС)ни амалга ошириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режаси (ҚҲР) доирасида Марказий Осиё малакатларининг минтақавий ҳамкорлиги” мавзусида халқаро анжуман ўз ишини бошлади.

Анжуманда президент Шавкат Мирзиёев номидан ўқиб эшиттирилган мурожаатномада терроризм ва экстремизмга қарши биргаликда курашиш самарадорлигини ошириш бўйича ҳам кўриб чиқиш учун қатор таклифлар берилди.  

Унда:

1.  Ваколатхона. Минтақада терроризмга қарши кураш стратегиясини муваффақиятли амалга оширишни доимий мониторинг қилиб бориш, танқидий баҳолаш механизмларини кучайтириш, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мувофиқлаштириш юзасидан терроризмга қарши курашиш бўйича БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасини очиш анчадан буён кечиктирилган зарурарт эканлиги айтилди.

2.  Кибертерроризм. Интернет радикал мафкурани тарқатиш, одамларни ёллаш, молиявий ёрдам кўрсатиш, террорчилик фаолиятини режалаштириш ва амалга ошириш воситасига айланиб бораётгани сабабли бугун дунёнинг деярли барча давлатлари кибермаконда терроризмга дуч келмоқда.

Бундай шароитда террористик мақсадларда рақамли технологиялардан фойдаланишга самарали қарши курашиш соҳасида давлатларимиз салоҳиятини ривожлантириш принцпиал аҳамиятга эга. Шу муносабат билан БМТнинг терроризмга қарши кураш бошқармасини 2020 йилда қабул қилинган Марказий Осиёда киберхавфсизлик ва янги технологиялар дастурини амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш таклиф этилди.

Бундан ташқари, кибермаконда экстремизмнинг турли кўринишларига самарали қарши туриш учун ягона халқаро ҳуқуқий механизмларни яратиш бўйича БМТ кўмаги сўралди.

3.  Экспертлар кенгаши. Охирги йилларда Марказий Осиё давлатлари 1500 дан ортиқ ўз фуқароларини ҳарбий можаролар зонасидан ватанига қайтарди ва уларни реабилитация ва реинтеграция қилишнинг ўзига хос ёндашувларини ишлаб чиқди. Шу муносабат билан БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси шафелигида Марказий Осиё давлатларининг етакчи експертлари орасидан минтақавий Експертлар кенгашини ташкил этишни таклиф қилинди.  

Кенгашнинг асосий вазифаси радикаллашган фуқароларни реабилитация қилиш ва реинтеграциялаш дастурларини такомиллаштириш, шунингдек, мамлакатларимизда терроризм тарғиботига қарши курашиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишдан иборат бўлади.

4.  Ёшлар кенгаши. Терроризм ва екстремизмга қарши муваффақиятли курашишнинг энг муҳим шарти ёшларга оид самарали сиёсатдир. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ёшлар стратегиясида ёшлар энг қимматли ва ўта муҳим ресурс экани таъкидланган. Мамлакатларимиз келажаги ёш авлод қандай улғайишига, қандай таълим ва тарбия олишига, улар учун қандай шароит ва “ижтимоий юксалиш”лар яратишимизга боғлиқ. Шу масалаларнинг барчасини ҳар томонлама муҳокама қилиш учун Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари доимий фаолият юритувчи Ёшлар кенгашини 2023 йилда Самарқанд шаҳрига чақириш таклифи берилди.

5.  Маърифат ва диний бағрикенглик. 2018 йилда Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Aссамблеяси “Маърифат ва диний бағрикенглик” махсус резолюциясини қабул қилди. Унда саводсизлик ва жаҳолатга барҳам бериш, дунёда хавфсизлик ва тинчликни мустаҳкамлаш йўлида бағрикенглик, ўзаро ҳурмат ва англашувни ривожлантириш муҳимлиги таъкидланган. Келгуси йилда БМТ шафелигида “Маърифат ва диний бағрикенглик” мавзусидаги юқори даражадаги конференция ўтказиш таклифи ҳам илгари сурилди.

Эслатиб ўтамиз мазкур анжуман 3-4 март кунлари бўлиб ўтади.

Сардорбек Раҳмонқулов

Фарида Эгамбердиева

    Бошқа янгиликлар