Кеча, 4 март куни Киночилар уйида яқинлашиб келаётган 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Кинематография агентлиги буюртмасига биноан суратга олинган режиссёр Жамила Пўлатованинг “Аёл қалби” бадиий фильмининг катта премьераси ўтказилди. Бу ҳақда Кинематография агентлиги Ахборот хизмати маълум қилди.
Премьера аввалида Кинематография агентлиги ва Миллий кинематографияни ривожлантириш Маркази томонидан барча аёл киноижодкорлар байрам билан табрикланиб, уларга совғалар улашилди. Сўнгра, саҳнага фильм ижодкорлари таклиф қилиниб, жамоага келгусидаги ишларида муваффақиятлар тиланди.
Табриклардан кейин томошабинлар учун Токио-2020 ёзги Паралимпия ўйинлари чемпиони Сафия Бурханова ҳақидаги "Матонат мактаби" қисқа метражли ҳамда “Аёл қалби” бадиий фильмлари намойиш этилди.