АсосийЖАМИЯТ

Бутун дунёда баҳор нафаси, Давразда эса...

Ажойиб йўллари ва қулайлиги билан Европа, Россия, Украина ва Яқин Шарқда диққатга сазовор...

'Бутун дунёда баҳор нафаси, Давразда эса...'ning rasmi

Ажойиб йўллари ва қулайлиги билан Европа, Россия, Украина ва Яқин Шарқда диққатга сазовор бўлган шаҳар ҳақида эшитганмисиз? Биз бу шаҳар ҳақида нафақат эшитдик, балки ўзимиз кўриб гувоҳи ҳам бўлдик. Ҳақиқатан ҳам Туркиянинг Анталия вилояти шимолида жойлашган тоғли ҳудуд ҳисобланган Испарта шаҳри экологик туризмни севувчилар учун ҳақиқий жаннат, дейиш мумкин...

Аслида ушбу шаҳар ҳудудда етиштириладиган атиргуллари ва лавандалари билан ҳам дунёга машҳур. Биз бу ҳақда сизга кейинроқ ҳикоя қиламиз. Ҳозир эса бутун дунёда баҳор нафаси уфуриб турганда Испартада жойлашган Давраз чанғи маркази сайёҳлар учун ҳамон қишки кайфиятни улашишда давом этаётганини кўрганларимиз ва гувоҳи бўлганларимиз орқали сизга улашишни мақсад қилдик.  

Испарта шаҳар марказидан 26 км. жануби-шарқда жойлашган, баландлиги 1650 дан 2150 м гача ўзгариб турадиган Давраз тоғ-чанғи йўллари қорли тоғда чанғи учиш, тоғ чанғиси ва сноубордда учиш учун айни муддаодир.  

Туркия республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси Маданият ва туризм бўлими ҳамда Туркиянинг Маданият ва туризм вазирлигининг Туризмни ривожлантириш агентлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган пресс-ивентда Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон медиа майдон вакиллари Испартадаги ана шу тоғ чанғи курорт ҳудудида тоғда чанғи учиш бўйича ўзларини синовдан ўтказишди.  

Деярли барча синовдан муваффақиятли ўтди, дейиш мумкин.  

Давраз чанғи маркази Анталияга яқинлиги туфайли аниқ ривожланиш устунлигига эга. Туркиянинг энг йирик туристик минтақаларидан бири.

Дам олиш маскани жуда ёш бўлишига қарамай, сўнгги йилларда Испарта вилоятининг қишки дам олиш маскани бўлиб келган. Давраз  атрофидаги гўзал манзаралар исталган кишини ўзига ром этиши шубҳасиз. Буни тоғ-чанғи курорт манзилига ташриф буюраётган сайёҳлардан ҳам билиш мумкин.

МАЪЛУМОТ УЧУН: Декабрдан бошланган тоғ чанғи мавсуми апрел ойининг бошигача давом этади. Қор қопламининг қалинлиги деярли бутун чанғи мавсуми учун 60-80 см. даражасида сақланади. Қишда ҳаво юмшоқ, ҳарорат камдан-кам ҳолларда -5 даражадан пастга тушади. Давразда дам олишни режалаштираётганда, бу эрда юқори мавсум январ ойининг охири - феврал ойининг боши эканлигини ёдда тутинг.

    Бошқа янгиликлар