Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш «Улуғбек» жамғармаси, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамкорлигида 16-25 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида иқтидорли ёшларни кашф қилиш учун «Мирзо Улуғбек ворислари» республика танлови эълон қилинди. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлигининг Матбуот хизмати Darakchi.uz'га маълум қилди.
Танловда ёш иқтидорлардан:
- Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлиши;
- Аниқ бир ғоя ёки лойиҳага эга бўлиши;
- IQ тест натижаси 110 баллдан паст бўлмаслиги;
- Турли танловларда ғолиб бўлганлиги тўғрисидаги диплом, сертификат ёки тавсияномага эга бўлиши сўралади.
Уч босқичдан иборат танловнинг биринчи босқичи жорий йилнинг феврал-март ойларида туман (шаҳар)ларда бўлиб ўтиши белгиланган. Жумладан:
Андижон вилояти - Жалақудуқ тумани;
Андижон вилояти - Хўжаобод тумани;
Фарғона вилояти - Қува тумани;
Жиззах вилояти - Бахмал тумани;
Ҳар битта тумандан энг яхши деб топилган 5 та лойиҳа танловнинг вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритади ва БҲМнинг 5 баробари миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланади.
Юртимизнинг чекка ҳудудларидан ёш иқтидорларни кашф қилиш мақсадида ўтказилаётган ушбу танлов орқали истеъдодли ёшлар босқичма-босқич саралаб олинмоқда.






