АсосийЖАМИЯТ

Ўзбекистон "Божхона малика" си аниқланди

8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Давлат божхона қўмитаси томонидан Тошк...

'Ўзбекистон "Божхона малика" си аниқланди'ning rasmi

8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Давлат божхона қўмитаси томонидан Тошкент вилояти божхона бошқармасининг маъмурий биносида тантанали тадбир бўлиб ўтди. Тадбир доирасида тизимда фаолият юритаётган хотин-қизлар ўртасида илк бор ташкил этилган “Божхона маликалари” кўрик-танловининг республика босқичи ҳам бўлиб ўтди. Даставвал, кечани кириш сўз билан очиб берган давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари Ў. Қодиров барча аёлларни, жумладан божхоначи хотин қизларни байрам билан алоҳида табриклади. 

Шундан сўнг, Республика бўйича энг кучли деб эътироф этилган 6 нафар божхоначи қиз 5 шарт — “таништирув”, блиц савол-жавоблар, “карвинг” – меваларни кесиш санъати, жанговар шайлик ва эркин мавзу асосида беллашишди.

Тан олиб айтиш керакки, ўз ҳудудларидан энг аълоси бўлган божхоначи қизлар Республика босқичида ҳам бир-биридан кам бўлмаган даражада чиқишлар қилишди. Тадбир меҳмонлари ва ҳакамларда бу қизлар тимсолида божхона тизимида фаолият юритаётган жамики хотин-қизларга нисбатан чексиз ҳурмат ва ҳавас уйғонган бўлса, ажаб эмас. Ҳакамлар томонидан танловнинг ҳар бир иштирокичиси юқори баҳоланди ва якуний натижаларга кўра, Самарқанд вилояти Божхона бошқармаси “Жартепа” чегара божхона пости катта инспектори Дилрабо Азизова “Божхона маликаси” дея эътироф этилди. Энг ҳаяжонлиси тантанали тадбирнинг ўзида ғолибага майор унвони берилди. Дилрабо Азизова бу эътироф ва ютуқларни қувонч ёшлари билан кутиб олди. 

“Мен Самарқанд вилояти Жомбой туманида оддий ишчи оиласида туғилганман. Ҳозир қаттиқ ҳаяжондаман, нега йиғлаётганимни ҳам билмаяпман, рости. 20 йилдан буён божхона соҳасида фаолият юритаман ва илк бор ўз соҳамда эътироф этилдим. Мендек чекка бир қишлоқнинг оддий бир аёли Республикадаги танловда ғолиб бўлиб, бундай эътибор ва эътироф кўраман деб ўйламагандим. Айни пайтда танлаган касбимдан чин дилдан фахрланиб кетяпман. Энди болаларимга намуна қилиб, фахрланиб кўрсатадиган ютуғим бор. Мен барча-барчага, раҳбарларга ташаккур айтаман”, - ҳаяжон билан дил сўзларини билдирди “Божхона маликалари” кўрик-танловининг республика босқичи ғолиби. 

Байрам-байрамга уланиб кетди. Сўз Давлат божхона қўмитаси раиси, божхона хизмати генерал-майори Акмалхўжа Мавлоновга берилди. Раис аёлларни, хусусан божхона тизимида фаолият юритаётган хотин-қизларни байрам билан табриклар экан, уларнинг тизимдаги ўрнига алоҳида тўхталиб ўтди. 

“17 февралда божхонани коррупциядан ҳоли соҳага айлантириш бўйича ўтказилган тарихий йиғилишда Президентимиз божхона органларида аёлларнинг улуши 8 фоизни ташкил этишини таъкидлаб: “Соҳада адолат, ҳалоллик ва тартибни жорий қилишни хоҳлар эканмиз, тизимга аёл ходимларни жалб қилиш учун барча зарур шарт-шароитларни яратишимиз шарт” эканлигини уқтирдилар.

Шу муносабат билан келгуси икки йилда аёллар улушини камида 2 баробарга ошириш вазифаси қўйилди.

Бу билан Янги Ўзбекистоннинг янги божхонасини коррупциядан ҳоли, очиқ, шаффоф ва ҳалол хизматга айлантиришда Сиз мунисаларнинг ўрнингиз беқиёслиги ўз исботини топди.

Ишончим комил, божхона тизимида хизмат қилаётган аёлларга нисбатан кўрсатилган бундай юксак эътибор барча аёлларимизни бирдек қувонтириб, касбига бўлган меҳрини янада оширди”, дея соҳадаги хотин-қизларга байрамона табрик билдирди қўмита раиси. 

Маълумот учун: Бугунги кунда божхона органлари тизимида хизмат қилаётган умумий ходимлар сони 4223 тани, шундан 366 нафари эса аёлларни ташкил этади. 

Шундан сўнг, 8 март - Халқаро хотин-қизлар куни муносабати бир гуруҳ аёл ходимларга мукофотларни топшириш маросими бўлиб ўтди, тадбирга таклиф этилган бир гуруҳ меҳмонлар "Ўзбекистон давлат божхона хизматига 30 йил" эсдалик нишони ва қўмита раисининг эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Тадбир ўзбек санъатининг таниқли хонандалари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар билан катта байрам кечасига уланиб кетди. 

    Бошқа янгиликлар