8 март ҳар бир аёл эътибор кутадиган кун, шубҳасиз. Она, рафиқа, устозлар, қизу, амма-холаларгача гўзал дил изҳорлари билдирилади.
“Даракчи” газетаси ва “darakchi.uz” сайти ижодкорлари ҳам 8 март арафасида жамиятимизнинг турли соҳаларида фаолият юритаётган энг фидоий аёлларни табриклаб, уларнинг қуйидаги икки савол атрофидаги мулоҳазаларини эшитишни мақсад қилди.
1. Байрамлар сизнинг ҳаётингизда қанчалик аҳамиятга эга?
2. Жамиятимизда аёлларнинг ўрнини қандай баҳоласйсиз?
Рихси Иброҳимова, актриса:
— Мен ўйлайманки, байрамлар ҳар биримизнинг ҳаётимизда кичкина миқдорда бўлса ҳам, аҳамиятга эга. Чунки байрам сўзининг ўзи инсонга табассум, яхши кайфият улаша олади. 8-март байрами эса биз аёлларни икки карра хурсанд қилиши аниқ. Лекин мен байрам деганда фақат ўша белгилаб қўйилган саналарни эмас, ҳар бир кунимизни байрам деб ҳисоблайман. Чунки ҳар куни кимнингдир хонадонида фарзанд дунёга келади, кимнингдир анча вақтдан буён хасталаниб қолган яқин инсони соғая бошлайди, яна кимдир ўз жуфти билан никоҳ кунини нишонлайди. Буларнинг ҳар бири ўша хонадон аҳли учун албатта, байрам! Шунинг учун мен доим дуоларимда юртимизда тинчлик-хотиржамлик ва байрамлар кўп бўлишини сўрайман.
— Аёлларнинг жамиятдаги ўрни, назаримда, бугунги кунда жуда юқори. Айниқса, ёш-ёш қизларимизнинг чет элларда ўқиши, хорижий давлатларда бемалол ишлаб юргани инсони қувонтиради. Эҳ, биз қандай кунларни кўрдик. Урушниям кўрганмиз, ундан кеийнги даҳшатларниям бошимиздан ўтказганмиз. Ҳали-ҳамон эсимда, кўчамизнинг бошида новвойхона бўларди. У пайтлари нонлар ўлчаб берилган. Новвой амаки ҳамма нонларини сотиб бўлгач, бизга идишда қолдиган ушоқларини қўлимизга берарди. Ана ўша пайтдаги ноннинг ширин таъмини айтмайсизми?.. Ҳозир нон кўп, унинг туриям хилма-хил, лекин ўша пайтда оч қолиб еган ушоғимизнинг мазаси ҳамон эсимда. Бугун замон ўзгарган, юртимиз тинч ва ҳар томонда тўкин-сочинлик. Аёлларимиз худди эркаклардек ҳар бир соҳада ўзининг ўрнини топиб боришмоқда. Бироқ бизнинг юртимизда аёллар қанчалик эъзозда, эътиборда бўлмасин, мен азиз хотин-қизларимиздан ўзининг нафосатини, нафислигини, аёллиги унутиб қўймаслигини сўраган бўлардим. Байрам барча аёлларимизга муборак бўлсин!






