8 март ҳар бир аёл эътибор кутадиган кун, шубҳасиз. Она, рафиқа, устозлар, қизу, амма-холаларгача гўзал дил изҳорлари билдирилади.
“Даракчи” газетаси ва “darakchi.uz” сайти ижодкорлари ҳам 8 март арафасида жамиятимизнинг турли соҳаларида фаолият юритаётган энг фидоий аёлларни табриклаб, уларнинг қуйидаги икки савол атрофидаги мулоҳазаларини эшитишни мақсад қилди.
1. Байрамлар сизнинг ҳаётингизда қанчалик аҳамиятга эга?
2. Жамиятимизда аёлларнинг ўрнини қандай баҳолайсиз?
Малика УСМОНОВА, Тошкент шаҳар перинатал маркази неоонатологи:
— Ҳаётимда байрамлар катта аҳамиятга эга деб айтолмайман, лекин байра барибир яхши-да. Чунки бу кунда яқинларингизни табриклайсиз. Уларга яхши сўзлар, тилаклар ва меҳр улашасиз. Лекин мен фақатгина ўша белгиланган кунларнигина эмас, ҳаётимизнинг кўп қисмини байрамларга ажратган бўлардим. Чунки бирор ютуққа эришган кунингиз бу — байрам. Оила қурсангиз бу — байрам. Фарзандли бўлганингизда яна бир байрам. Шунинг учун ажратилган кунлар билангина чекланиб қолишни хоҳламайман, ҳаётдан завқ-шавқ олиб, ҳар бир кунимизни байрамга айлантириб яшашни ҳуш кўраман.
— Шахсан ўзим юқори лавозимларда, бошқарувларда фаолият юритаётган жуда кўп аёлларни билганим учун мен аминманки, жамиятимизда чинданам, аёлларнинг ўрни юқори даражада. Биз ўзбекларда азалдан аёлни эъзозлаш, уни авайлаб-асраш, кўнглига қараш каби тушунчалар яъхши шаклланган деб ўйлайман. Чунки шунча йиллик фаолиятим давомида нафақат ўзимга нисбатан, балки ён-атрофимдаги ҳамкасб хотин-қизларга ёки юфори лавозимда ўтирган аёл танишларимга нисбатан ҳеч қачон нотўғри назарда қарашмаган. Камситишмаган. Доим ҳурматини ва иззатини жойига қўйиб муомала қилишганлиги боис мен ўйлайманки, бизнинг жамиятда хотин-қизлар ҳар доим ҳар соҳада севимли бўлиб келишмоқда. Мана шу ўринда юртимиздаги жамики аёлларни байрам билан самимий қутлайман. Уларнинг ҳар бирига оилавий бахт, хотиржамлик тилайман. Илоҳим ҳар бири соғ-саломат бўлишсин ва ҳеч қачон шифокорга иши тушмасин (кулади).
Моҳинур РУСТАМОВА тайёрлади






