8 март ҳар бир аёл эътибор кутадиган кун, шубҳасиз. Она, рафиқа, устозлар, қизу, амма-холаларгача гўзал дил изҳорлари билдирилади.
“darakchi.uz” сайти ижодкорлари ҳам 8 март арафасида жамиятимизнинг турли соҳаларида фаолият юритаётган энг фидоий аёлларни табриклаб, уларнинг қуйидаги икки савол атрофидаги мулоҳазаларини эшитишни мақсад қилди.
1. Байрамлар сизнинг ҳаётингизда қанчалик аҳамиятга эга?
2. Жамиятимизда аёлларнинг ўрнини қандай баҳоласйсиз?
Қутлибека Раҳимбекова, журналист, шоира:
— Байрамларми? Очиғини айтсам, бир пайтлар байрамларни унчалик ёқтирмасдим. Чунки уйим узоқда, яқинларим, ота-онам узоқда эди. Байрам кунлари ҳамма оиласи бағрида бўлса, мен улардан узоқда, кўпинча ёлғиз нишонлашимга тўғри келарди. Турмушга чиқмаган пайтларим байрам кунлари ўксинардим. Кейинчалик оилам бўлди, фарзандларим бўлди. Шу тарзда мен ҳам ҳамма қатори байрам нишонлайдиган бўлганман. Мен учун байрамлар бу дийдорлашув. Ўша дийдорда, яъни байрам кунлари одамлар бир-бирига айтадиган яхши гаплар, яхши тилаклар ҳам инсонга ёқимли туюлади. Айниқса, 8 март байрамида ҳеч қачон гул кўтармайдиган, гул олиб юришга хижолат бўладиган эркаклар ҳам гул олишади. Бу ҳолатда ҳар бир аёл ич-ичидан бир энтикади. Тўлқинланади.
— Аёл киши ўқигани ҳам яхши, имкони бўлса ишлагани ҳам яхши. Лекин эркаклар билан тенг ҳуқуқлилик тушунчасини тўғри тушуниш ва тўғри англаш керак, назаримда. Албатта, ҳақ-ҳуқуқларимиз ҳимоялангани яхши, фақат улар оиламизнинг боши, яъни оталаримиз, акаларимиз ва турмуш ўртоқларимиз томонидан ҳимояланса, янаям яхши. Эркак зўравон эмас, зўр бўлиши керак. Шундагина оила қўрғонимиз мустаҳкам бўлади. Бугунги кунда аёлларимиз жамиятда эркаклар билан бир қаторда фаол фаолият олиб бораётганини кўриб қувоанаман, албатта. Шу ўринда юртимиздаги барча аёлларимизни, онажонларимиз, опа-сингилларимиз ва қизларимизни байрам билан чин қалбимдан табриклайман. Ҳар доим уларга нафислик, назокат ва гўзаллик ҳамроҳ бўлсин!






