Яқинда бўлиб ўтган Президент ҳузуридаги йиғилишда Ўзбекистонда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг барча соҳаларда фаолият юритишлари, таълим олишлари учун имконият яратиш ва бу борада уларга қатор имтиёзлар бериш масаласи яна бир бор муҳокама этилди.
Дарҳақиқат, аёл – шифокор, аёл – прокурор, аёл – божхоначи, ички ишлар ва мудофаа ходими ва ҳатто энди аёл – ҳоким ҳам бўлди. Ўзбекистонда илк бор бир нечта туманларга аёлларнинг раҳбар этиб тайинлангани фуқаролар учун ҳам, бу лавозимга ўтирган нозик ҳилқат вакиллари учун ҳам янгилик бўлди. "darakchi.uz" Ўзбекистоннинг ҳоким аёлларини “Минбар”га чорлади ва қуйидаги икки савол доирасида фикрларини билишга ҳаракат қилди.
1. Жамиятда раҳбар аёл оилада оддий аёл бўла оладими?
2. Ўзбекистонда хотин-қизларнинг оилада ва жамиятдаги ўрнини қандай баҳолайсиз?
“ОНАЛАР МИЛЛАТ КЕЛАЖАГИГА МАСЪУЛ ЭНГ КАТТА ТАРБИЯЧИЛАРДИР”
Гавҳар АЛИМОВА, Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳар ҳокими:
— Албатта. Аёл қайси соҳада, қайси лавозимда ишламасин, у оилада муносиб турмуш ўртоқ, меҳрибон она, оила бекаси – оддий аёл ҳисобланади.
Бу унинг ўзига боғлиқ. Агар у иккала томонни бирдек олиб борса, ҳам оилада ўрнини йўқотмайди, ҳам ишида ҳурмат қозонади. Айрим ҳолларда аёл бутун куч-қуввати, фикри-зикрини хизматига сарфлаб, оиласи иккинчи даражага тушиб қолиши, ёки жамоасидаги турфа феъл-атворли одамлар билан муомала қилавериб, турли идоралар эшигини қоқавериб, аёллик фазилатларидан узоқлашиб кетиши ҳақидаги фикрларни ҳам эшитиб қоламан.
Агар аёл сабрли, бардошли, ақлли бўлса ҳам аёллик, ҳам оналик, ҳам раҳбарлик вазифаларини адо этиш учун куч топа олади. Бунда оиласи, турмуш ўртоғи уни қўллаб-қувватлаши, унинг учун имкон бериши, ишонч билдириши жуда муҳим, деб ўйлайман. Қачонки худди эркакдек аёлнинг ҳам оиласидан кўнгли тўқ бўлса, уни ҳимоя қиладиган, унга меҳр кўрсатадиган, далда бўладиган яқинлари борлигини ҳис қилса, янада шижоат билан ишлайди.

— Халқимизда ота-онани оиланинг қўш устуни, деб атайдилар. Бирор сабаб билан бу устунларнинг бири қуласа, оила аталмиш муқаддас қўрғоннинг залвори битта инсон учун оғирлик қилади. Қиз тарбиялаётган оналар миллат келажагига масъул энг катта тарбиячилар ҳисобланади. Зеро, халқимизда “Онасини кўриб қизини ол, арқоғини кўриб бўзини ол”, деган мақол беҳудага айтилмаган. Оила ҳам аслида, кичик бир мамлакат. Оилада ўз ўрнига, ҳурматига эга бўлган аёл жамиятда ҳам муносиб ўринга эга бўлади, деб ўйлайман. Бугун мамлакатимизда аёлларнинг оилада ва жамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, кўтариш борасида олиб борилаётган ишлар таҳсинга сазовор. Бугун ижтимоий ҳаётимизнинг барча соҳаларида фидоий аёлларимизнинг фаоллашиб бораётганлигини кўрамиз. Зеро, ҳар қандай жамиятнинг маданий даражаси ва маънавий баркамоллиги аёлларга бўлган муносабат билан белгиланади.
“АЁЛНИ ЯҚИНЛАРИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАСА, У ЖАМИЯТДА ЎЗИНИ ТЎЛАҚОНЛИ НАМОЁН ЭТА ОЛАДИ”
Наргиза НЕЪМАТОВА, Бухоро вилояти Олот тумани ҳокими:
— Аёл оилада ўрнини топмасдан жамиятда ўрин топиши жуда мушкул, чунки яқинлари уни тўғри тушуниб, қўллаб-қувватласа, у ўзини жамиятда тўлақонли намоён қилади. Мен 30 ёшимда туман бош шифокори, 32 ёшда туман ҳокими ўринбосари ва 2020 йил 1 март кунидан ушбу лавозимда ишлаб келмоқдаман. Бош шифокорлигим пайтида 3 кунлаб ҳам уйга боролмай, оғир беморлар ёнида бўлишга тўғри келган. Ҳаттоки, Янги йил байрамларини ҳам фарзандларим менсиз нишонлашган. Шундай пайтларда қийинчиликка бардошим қолмаганида марҳум дадам (Аллоҳ раҳмат қилсин) "Элнинг корига ярашдек олий саодат борми?” деб яна ишлашга даъват қилардилар. Қолаверса, турмуш ўртоғим, қайнукаларим ва фарзандларим ҳам мени доим қўллаб-қувватлашади.

— Бугун юртимизда аёлларнинг оилаларда ва жамиятда ўрнини топишига барча имкониятлар мавжуд. Шахсан давлатимиз раҳбари томонидан аёлларга давлат сиёсатининг устувор йуналиши сифатида этибор қаратилмокда. Агар ҳар бир эркак аёлларимизга оилада, жамоада ва жамиятда Президентимиздек эътиборли бўлса, биз энг кучли давлат бўламиз. Чунки аёлга эътибор бу — келажакка эътибор. Ҳаётдан рози, бахтли бўлган аёлгина кучли авлодни етиштиради. Аёл оилада она, боғчада тарбиячи, мактабда ўқитувчи ва бошқа соҳаларда ҳам бизнинг юртимизда бунга тўла шарт-шароит яратиб берилган.
“АЁЛ УЧУН ОИЛА БИРИНЧИ ЎРИНДА”
Дилфуза ЎРОЛОВА, Сирдарё вилояти Боёвут тумани ҳокими:
— Дарҳақиқат, аёл учун оила биринчи ўринда. Ундан ҳам биринчиси, бу унинг оналиги. Аёл биринчи навбатда оналигини ҳис қилиши, унинг масъулиятини тушуниши керак. Лекин менинг вазиятимда, ҳозирги жамиятда ўз ўрнимга эга бўлишим учун ҳам оналик, ҳам турмуш ўртоқ, ҳам сенатор, ҳам раҳбар сифатида барчасига масъулиятни бирдек зиммамга олишга ҳаракат қиламан ва бунинг уддасидан чиқяпман, деб ўйлайман.
Оилавий қадриятларни жуда ҳурмат қиламан ва уни кўз қорачиғидек асраб-авайлайман. Шу билан бирга унга тўла амал қиламан. Шундан ҳам келиб чиқиб айтишим мумкинки, бизнинг оилада эркак бош ва мен лавозимимга қарамай, турмуш ўртоғимнинг барча фикрларини қўллаб-қувватлайман. Яъни бизнинг оилада эркак киши қарор қабул қилади.

— Абдулла Авлоний: “Қизлар билим олишга ҳаммадан кўпроқ интилишлари лозим, зеро, бу билимлар билан улар келажак авлодни тарбиялайдилар”, деб ёзган эди. Дарҳақиқат, бу масалани ҳал этмасдан тараққиётни тасаввур этиш қийин. Зеро, ривожланган жамиятларда маданиятлилик даражаси хотин-қизларга бўлган муносабат ва улар учун яратилган имкониятларга қараб белгиланади.
Шу ўринда мен мамлакатда аҳолининг қарийб ярмини хотин-қизлар ташкил этишини инобатга олиб, аёлларнинг турмуш фаровонлигини ошириш, ҳаётларига мазмун киритиш учун, энг аввало, уларни кафолатланган даромад билан таъминлашимиз керак, деб ўйлайман. Шунингдек, бошқарувда хотин-қизлар билан ишлаш бўйича алоҳида тизим яратилиши лозим.
“ЗИММАМИЗДАГИ РАФИҚАЛИК, ОНАЛИК МАРТАБАЛАРИ ҲАМИША ЎЗИМИЗ БИЛАН БИРГА”
Зулайҳо МАҲКАМОВА, Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани ҳокими:
— Бу саволга осонгина “бўла олади”, деб жавоб қайтаришим ҳам мумкин, аммо бундан олдин ўзимнинг неча йиллик ҳаёт йўлимни кўз олдимга келтираман. Наманган Давлат университетини тамомлагач, фаолиятимни мактабда ўқитувчиликдан бошлаб, директор ўринбосари, директор, Фермерлар кенгашида раис, вилоят касаба уюшмалари кенгаши раҳбари, Янгиқўрғон туманида, вилоятда, сўнгра республикада хотин-қизлар қўмиталарида масъул лавозимларда ишладим. Қаерда меҳнат қилсам ҳам, виждон амрига қулоқ тутдим, ишончни оқлаш, ризқимни ҳалол топиш шиорим бўлган. Аммо оилам, фарзандларимга ҳеч қачон иккинчи даражали бурч сифатида қарамаганман. Ишдан кейин ошхона, рўзғор юмушларига ҳам улгуришга ҳаракат қилганман. Бахтимга онам, қайнонам доим тиргак бўлишган. Менимча, зиммамиздаги рафиқалик, оналик мартабалари оддий аёлми, раҳбарми, ҳамиша ўзимиз билан бирга.

— Тарихдан маълумки, аёллар ҳамиша жамият ва оилада муносиб ўринга эга бўлган. Массагет маликаси Тўмарис, Қўқон хони Умархоннинг рафиқаси Нодирабегим, Олой маликаси Қурбонжон додҳо кабиларнинг номи нега ҳозиргача тиллардан тушмай, уларнинг жасорати, давлат бошқарувида иштирок этганлари намуна сифатида кўрсатилишида ҳам шу ҳақиқат мужассам.
Хотин-қизлар эъзозланган, қадрланган юртнинг бугуни ва эртаси фаровон бўлади. Аёлнинг оиладаги ўрнини таърифлашга эса на сўз, на тасавввур етказиб бўлади. Рўзғор бутлиги, хонадон саришталиги, оиладаги аъзоларининг саломатлиги, соғлом фарзанд кўриш, болалар тарбияси, қариндош-уруғлар билан мустаҳкам “борди-келди”лар, ҳатто эркакнинг оиладаги ўрни йўқолмаслигида ҳам асосий роль аёлнинг зиммасидаги масъулият.
Маълумот учун: сал аввал Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани ҳокими Зулайҳо Маҳкамова Ўзбекистонда янги тузилган Хотин-қизлар ва оила ишлари қўмитаси раиси этиб тайинланди. Мазкур материал ўтган ҳафта давомида тайёрланган бўлиб, ушбу муддатда Зулайҳо Маҳкамова Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани ҳокими лавозимида фаолият юритаётган эди.
Фарида Эгамбердиева суҳбатлашди






