АсосийJamiyat

Қашқадарёнинг бир нечта туманларида гидрометеорологик хавфли жараёнлар юзага келди - ФВВ

'Қашқадарёнинг бир нечта туманларида гидрометеорологик хавфли жараёнлар юзага келди - ФВВ'ning rasmi

Бугун, соат 09:00 дан 12:00 га қадар Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз, Қамаши, Деҳқонобод, Яккабоғ ва Китоб туманларида (20 м/с гача тезликда) кучли шамол эсиши ва ёғингарчилик қайд этилди. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ноқулай об-ҳаво натижасида вилоятнинг бир нечта туманларида гидрометеорологик хавфли жараёнлар юзага келди. Жумладан:

- соат 11:03 ларда Шаҳрисабз тумани “Чоршанби” қўрғонидаги озиқ-овқат савдо дўконининг том қопламасини шамол учириб юборган;

- соат 11:25 ларда Қамаши тумани “А.Навоий” МФЙда жойлашган елим идишларни йиғиш пунктининг том қопламаси кучли шамолда қулаб тушган. Воқеа оқибатида  уч нафар фуқаро турли даражада жабрланиб, туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган;

- соат 11:48 ларда кузатилган шамол Яккабоғ тумани “Учтепа” МФЙ, “Тош” қишлоғидаги уйнинг, “Наврўз” МФЙ, “Наврўз” қишлоғидаги иккита хонадоннинг қўшимча биноларидаги том қопламаларини учирган;

- соат 11:50 ларда Китоб тумани “Қайнар”, “Мотмон” ва “Қавзихона” қишлоқлари ҳудудидаги 4 дона электр симёғочи ҳамда “Тепабоши” МФЙ ҳудудида 1 та яшаш уйининг том қисми кучли шамол натижасида қулаб тушган.

Юзага келган вазиятларни бартараф этиш учун Қашқадарё вилояти ФВБнинг таркибий тузилмалари ҳамда Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат қуйи тизимларининг 169 нафар қутқарувчилари, авария-тиклаш бригадалари шахсий таркиби ва 26 та махсус техника жалб этилган.

Республикамизнинг қолган ҳудудларида, хусусан, Жиззах, Навоий, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида қисқа муддатли ёғингарчиликлар кузатилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, сал аввал Деҳқонобод туманида 3 нафар фуқарони чақмоқ уриб, улардан биттаси вафот этгани хабар қилинган эди.

    Бошқа янгиликлар