АсосийЖАМИЯТ

"Оққондай ташхисни эшитишни ҳеч кимнинг бошига солмасин..."

Шоир айтганидек: “Дардсиз инсон йўқдир ушбу дунёда, дарди бордан кўнгил сўранг одамлар...”...

'"Оққондай ташхисни эшитишни ҳеч кимнинг бошига солмасин..."'ning rasmi

Шоир айтганидек: “Дардсиз инсон йўқдир ушбу дунёда, дарди бордан кўнгил сўранг одамлар...”

Мана шундай шукуҳли байрамлар мавсумида соғлиги бироз яхшиланишига умид қилиб, сиз азизлардан имкон даражасида даволаниш ва қон қуйдириш учун маблағ сўраётган аёлларнинг кўнглига қулоқ тутдик.

РАЙҲОНА, 15 ёш, Қашқадарё вилояти, ташхис – ўткир лимфобласт лейкоз.

Онаси:

— Қизим бу хасталик билан бир ярим йилдан буён оғримоқда. Уни даволатиш мақсадида бир неча марта вилоят марказида ва Тошкент шаҳридаги гематология шифохонасига ётқиздик. Бу касаллик бош оғриғидек ўтиб кетадиган касаллик эмас экан. Одамда қон жуда камайиб кетар экан, негаки ўзининг организми қон ишлаб чиқара олмас экан. Шу сабабли қизимга мунтазам равишда тез-тез қон қуйдиришга тўғри келяпти.

Унинг ҳар 10-15 кунда қони тушиб, аҳволи оғирлашади, қон қуйдирмасак бўлмайди. Унга қуйиш учун гоҳ ўзимиз қон топширамиз ёки сотиб оламиз. Оилада фақат отаси ишлайди. Яна уч нафар фарзандим бор. Улар мактабга боради, бемор қизим мана, 2 йилдан буён мактабга ҳам бормаяпти. Ўзи аълочи, фаол жамоатчи ўқувчи эди... Яқинда яна Тошкент шаҳрига бориб даволанишимиз керак, йўл харажатлари ва қон қуйдиришга маблағимиз кам.

Сизлардан баҳоли қудрат ёрдам беришингизни илтимос қиламиз.

ДИЛНОЗА, 18 ёш, Сурхондарё вилояти, ташхис – апластик анемия.

Онаси:

— 2021 йил сентябрь ойида қизимда оққон касаллиги аниқланди. Кейин уни Қашқадарё вилоятидаги марказий шифохонада ётқизиб даволатдик. Кейин Тошкент шаҳридаги гематология марказида яна бир ой ётиб даволанди. Ҳозир Тошкентга тез-тез қатнашимизга тўғри келяпти. Уни ётқизиб, мен ҳам квартирада тураман. Пойтахтда қариндошларимиз йўқ. Йўл харажатларига ва айрим қиммат дориларга пулимиз етмаяпти.

Шу мақсадда Ўзбекистон “Анемия ва лейкемия” хайрия жамоат фондига ёрдам сўраб мурожаат қилдим. Мурувватли ҳамюртларимиз, таниқли инсонлар кўп беморларга ёрдам беришганини эшитганман. Зора, бизга ҳам ҳомийлик қиладиганлар топилиб қолса...

У ёқда қизим кимётерапия муолажаларини олса, қон қуйдирса, аҳволи анча яхши бўлиб қолади. Буни кўриб ўзимиз ҳам хурсанд бўламиз. Шифокорларимизга раҳмат, улар жуда меҳрибон, қўлдан келган барча ишни қилишяпти. Улар: “қизингиз ҳали ёш, бундай ёшда касалликни енгиш мумкин” деб бизни тинчлантиришади.

Илоҳим ҳеч кимнинг фарзанди оғримасин, оққондай ташхисни эшитишни ҳеч кимнинг бошига солмасин. Бизга берган бир сўмингиз сизга минг карра бўлиб қайтсин.

Боламни даволатишга ёрдам беринг...

Саховатли юртдошларимиздан қуйидаги карта рақамига маблағ ўтказишларини сўраймиз:

8600 0304 2283 9898.

Пул ўтказишни барча банк бўлимлари ёки мобиль телефонда пул кўчириш тизимлари орқали амалга оширишингиз мумкин. Пул кўчирилганлиги ҳақидаги маълумотни “скриншот” қилиб (+998 95) 194-64-16 рақами орқали @darakchipochta телеграм манзилига юборишингизни сўраймиз.

Манзура БЕКЖОНОВА тайёрлади

    Бошқа янгиликлар