АсосийЖАМИЯТ

Талабаларга 10 000 АҚШ долларигача грант маблағлари ажратилади

14 март куни Инновацион ривожланиш вазирлигида Ёшлар академияси аъзоларининг инновацион ғо...

'Талабаларга 10 000 АҚШ долларигача грант маблағлари ажратилади'ning rasmi

14 март куни Инновацион ривожланиш вазирлигида Ёшлар академияси аъзоларининг инновацион ғоялари, технологиялари ва лойиҳалари кўргазмаси очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Даракчига Инновацион ривожланиш вазирлиги хабар бермоқда.

 Тадбирни инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Шаҳло Турдиқулова очиб берди.

– Бугунги кунда ёшларимиз жуда кўп яхши ғоялар, лойиҳаларни амалга оширмоқдалар Айниқса, вилоятлардаги ёшларнинг иштиёқи жуда баланд, – деди вазир ўринбосари. – Улар таклиф қилаётган стартаплар, лойиҳалар, ташаббуслар ҳаммаси давлатимизни ривожланишига ҳисса қўшишга қаратилган. Ёшларни қўллаб-қувватлаш орқалигина юртимиз фаровонлигига эришишимиз мумкин.

Тадбирда «Академик ҳаракатчанлик» дастури доирасида ғолиб деб топилган 13 нафар ёш тадқиқотчиларга сертификатлар топширилди. Ўз илмий ишларини бошлаган мазкур ёш олимлар республика ҳудудидаги олий таълим муассасалари, илмий ташкилотлар ва лабораторияларда қисқа муддатли стажировка ўтайдилар. Стажировка харажатлари Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига илм-фан ва илмий фаолият соҳасини молиялаштириш учун ажратилган бюджет маблағлари доирасида тегишли шартномага асосан молиялаштирилади.

Таъкидлаш жоизки, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар академияси 2019 йилда ташкил этилган бўлиб, шу давр ичида ташкилот томонидан ёшларни қўллаб-қувватлаш, иқтидорли аниқлаш ва муносиб тақдирлаш, уларинг таклифларини ўрганиб, тўғри йўналтириш борасида кўплаб ишлар амалга оширилди. Ҳозирги кунда 3000 нафардан ортиқ инновацион лойиҳалар ва ғояларга эга иқтидорли ёшлар ва талабалар, 40 ёшгача бўлган олимлар ва тадбиркорларнинг маълумотлар базаси шакллантирилди. Ҳудудлардаги ташаббускор ёшларимизни янада қўллаб-қувватлаш мақсадида 2021 йилдан бошлаб «Бўлажак олим» танлови ташкил этиб келинмоқда. Шу кунга қадар 63 та лойиҳа муаллифлари 12 млрд сўмга қўллаб-қувватланди.

Тадбирда 2022 йилги “Student Idea Challenge 22” танловининг апрель ойида эълон қилиниши тўғрисида ҳамда бу танловда иштирок этиш шартлари ва имкониятлари ҳақида маълумотлар берилди. Мазкур танловда аниқ бир ғоя ёки лойиҳага эга бўлган 4 кишидан иборат бакалавр ёки магистратура талабалари жамоалари иштирок этиши мумкин. Энг сара лойиҳаларга 10 000 АҚШ долларигача грант маблағлари ажратилади.

    Бошқа янгиликлар