Яқинда бўлиб ўтган Президент ҳузуридаги йиғилишда Ўзбекистонда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг барча соҳаларда фаолият юритишлари, таълим олишлари учун имконият яратиш ва бу борада уларга қатор имтиёзлар бериш масаласи яна бир бор муҳокама этилди.
Дарҳақиқат, аёл – шифокор, аёл – прокурор, аёл – божхоначи, ички ишлар ва мудофаа ходими ва ҳатто энди аёл ҳоким ҳам бўлди. Ўзбекистонда илк бор бир нечта туманларга аёлларнинг раҳбар этиб тайинлангани фуқаролар учун ҳам, бу лавозимга ўтирган нозик хилқат вакиллари учун ҳам янгилик бўлди. Куни кеча давлат раҳбари Фармони билан тақдирланган бир гуруҳ аёллар ичида Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳар ҳокими ҳам бор. Гавҳар Алимова Президентимиз томонидан “Дўстлик” орденига лойиқ кўрилди. Биз ҳокима аёл билан лавозим унга олиб келган машаққатлар ва муваффақиятга эришиш сирлари ҳақида суҳбатлашдик.
— Ўзбекистонда аёлларнинг ҳоким бўлиб тайинланиши барча учун янгилик бўлди. Хусусан, сиз тайинланган биринчи ҳоким аёллардансиз. Тайинловни қандай кутиб олдингиз?
— Биласизки, мамлакатимизда кейинги йилларда хотин-қизларга берилган эътибор уларнинг янада фаол бўлишларига, ўзларига нисбатан ишончининг ошишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Тўғри, бошқа соҳаларда депутатлик, сенаторлик, раҳбарлик лавозимларида хотин-қизлар жуда кўпчиликни ташкил қилади. Лекин давлатимиз раҳбари томонидан аёлларнинг ҳоким сифатида фаолият юритишига имкон берилгани бу — жуда катта гап. Бу хотин-қизларга билдирилган ишонч, улкан эътибор, деб биламан. Мен маҳалла тизимида, турли лавозимларда фаолият юритдим. Тўғриси, ҳоким этиб тайинлангач, бошида озроқ ҳадик бўлди. Лекин мана шу турли соҳаларда аҳоли билан ишлаш борасидаги узоқ йиллик тажриба менга катта далда бўлди.
Қолаверса, Президентимиз “Ижро органларида, вазирлик ва идораларда гендер тенгликни таъминлаш, муҳтарама опа-сингилларимизга масъул лавозимларни ишониб топшириш бўйича кўп иш қилишимиз керак, аёлларга имконият бериш ва жамиятдаги мавқеи, ролини кучайтириш лозим” — дея таъкидлаганларидан катта куч олганман.
— Ўзбек аёли учун ҳоким бўлиб ишлаш қанчалик машаққатли? Лавозим қандайдир чекловларни юзага келтирмадими?
— Шу вақтга қадар ҳоким деганда кўпчиликнинг кўз олдида эркак киши гавдаланади. Чунки ҳокимлик тизимида аёл ҳоким бўлмаган. Агар инсон, у эркак ё аёл бўладими, аввало, ишини севса, билими, малакаси, савияси юқори бўлса, қолаверса, ўз ишининг масъулиятини дилдан ҳис қилса ва виждонан, ҳалол ишласа, у қайси соҳада бўлмасин, муваффақиятга эришади, деб ўйлайман. Бир вақтлар ўқиганмиз: буюк бобомиз, кучли давлат арбоби Амир Темур ҳам давлат ишларини бошқаришда Бибихонимнинг маслаҳатларини инобатга олганлар. Бунга ўхшаган кўплаб мисолларни келтириш мумкин.
Қисқа вақт бўлган бўлса ҳам бошлаган ишларимиз натижа бера бошлади, энг муҳими, каттақўрғонликлар мени бугун қўллаб-қувватламоқдалар. Шаҳар аҳолисининг турмуш шароитини яхшилаш йўлида амалга оширилаётган лойиҳаларга, ислоҳотларга шаҳар аҳолисининг ишонч билдираётгани менга янада куч, далда бўлмоқда. Шуни ишонч билан айта оламанки, мен раҳбарлик билан бирга оилани, фарзанд тарбиясини ҳам биргаликда олиб боришга имкон топяпман.

— Сиз бошқариб турган ҳудуднинг энг оғриқли нуқталари, оқсаган соҳалар дея қайсиларини айта оласиз?
— Бошқа туман ва шаҳарларда бўлгани сингари Каттақўрғон шаҳрида ҳам ишсизлик муаммоси мавжуд. Албатта, инсонларнинг яхши яшаши, асосий эҳтиёжларининг қопланиши қанчалик даромад манбаига эга бўлганлари билан боғлиқ. Бунинг учун эса уларнинг бандлиги таъминланган бўлиши лозим. Шу боис ҳам 90 минг аҳоли истиқомат қиладиган шаҳарда аҳолини, хусусан ёшлар, хотин-қизлар учун иш ўринлари яратиш борасидаги ишларга алоҳида эътибор қаратдик.
Каттақўрғон касб-ҳунарга ўқитиш марказида 470 нафар фуқаролар 14 та йўналишда қайта касбга ўқитишга йўналтирилди, шундан 201 нафари хотин-қизларни, 134 нафари 30 ёшгача бўлган ёшларни ташкил этди.
Яна шуни айтиш лозимки, охирги 20 йиллар давомида шаҳарни иқтисодий-ижтимоий ривожлантиришга унчалик эътибор берилмаган. Аҳолини ичимлик суви, йўлларни таъмирлаш билан боғлиқ масалаларда ҳам муаммолари мавжуд эди. Албатта, бу муаммолар аҳоли билан ўтказилган сайёр қабуллар орқали аниқланган.
Иш бошлаган дастлабки кунларимданоқ маҳалла тизимида фаолият юритганим учунми, маҳаллаларга алоҳида эътибор қаратдим.. Шаҳарда 36 та маҳалла мавжуд. Биринчи навбатда маҳалла бинолари учун кадастр ҳужжатлари қилинди. Айрим махаллаларнинг бинолари эски, кўримсиз ҳолатда эди. “Обод маҳалла” дастури ҳамда ҳомийлик маблағлари ҳисобидан маҳаллалар учун янги бинолар барпо этилди. Жумладан, 2020 йилда 4 та, 2021 йилда 6 та жами 10 та маҳалла ўзининг янги биносига эга бўлди.
— Ўтган давр мобайнида сиз бошқараётган ҳудудда аёлларнинг қандай муаммоларга кўп дуч келишларига гувоҳ бўлдингиз?
— Бугунги кунда Каттақўрғон шаҳридаги аҳолининг 45 986 нафарини хотин-қизлар ташкил қилади. Хотин-қизлар билан суҳбатлар, уларнинг яшаш шароитларини ўрганиш жараёнида ишсизлик билан боғлиқ, ижтимоий кўмакка муҳтожлик каби муаммолар мавжудлиги боис ушбу масалага алоҳида эътибор қаратганмиз. Ишсизликнинг олдини олишда касб-ҳунарга ўқитиш истагидаги хотин-қизлар шаҳримиздаги касб-ҳунарга ўқитиш марказида ўқитилди.
Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар маҳаллалар кесимида аниқланиб, уларга шакллантирилган “Аёллар” дафтари орқали моддий ва маънавий кўмак берилди.
Жорий йилда 1-босқич “Аёллар дафтари”га 1233 нафар, 2-босқич “Аёллар дафтари”га 1296 нафар хотин-қизлар киритилди. 2 та босқичга 9 та тоифа бўйича киритилган жами 2529 нафар хотин-қизларнинг барчасига ўз муаммоларидан келиб чиқиб, ёрдамлар кўрсатилди. Бу қилинган ишлар кўрсаткичи, холос, амалий ишларимиз ҳали давом этмоқда.
— Аёл раҳбар учун эркак ходимларга топшириқлар бериш осонми?
— Биласизми, жамоага раҳбар бўлиш жуда қийин. Жамоа кўпчиликни ташкил этади. У хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл, уларнинг фикри, дунёқараши, маънавияти, характери, руҳияти ҳам турличадир. Раҳбар сўзи кўпинча эркак жинси билан қиёсланади ва негадир, аёл раҳбар идора этадиган соҳалар сифатида маориф, соғлиқни сақлаш, аҳолига хизмат кўрсатишдан нарига ўтилмайди. Агар аёл раҳбарда бошқарувчанлик қобилияти, салоҳияти қанчалик юқори бўлса, у эркак раҳбарларга қараганда кўпроқ муваффақиятга эришиши мумкин. Ҳокимлигимизда кўпроқ эркак ходимлар иш юритади. Уларнинг аксарияти ёш мутахассислардан иборат.
Ишни бошлаган дастлабки кунларимданоқ барча иш жамоаларида фақат интизом, софлик ва адолат бўлишига эътибор қаратганман.
Албатта, бу борада ўз тартиб-қоидаларим бор, аммо жамоада, эшитиб ишлашни маъқул кўраман. Авторитар эмас, демократик тизим асосда иш олиб борамиз. Устозлар билан отам ёки онамдек, ҳамкасбларга дўстдек муомала қиламан.
— Ишдан ташқари ҳолатларда оддий аёл ва оддий фуқаро сифатида аҳолининг кундалик турмуш тарзларини кузатиб борасизми?
— Албатта, иш фаолиятимни бошлаган кунларимданоқ ушбу тамойилга амал қилган ҳолда кўпроқ аҳоли билан мулоқот қилиш, учрашувлар ўтказиш, сайёр қабуллар ўтказиш орқали муаммоларни билишга ҳаракат қиламан.
Кейин биласизми, раҳбар фақат хонасида ўтириб эмас, қанчалик кўп аҳоли ичида, жамоаларда, маҳаллаларда бўлса, кўпроқ ҳақиқий ҳолат ҳақида тасаввурга эга бўлади. Шунда муаммоларни ҳал этиш ҳам осон бўлади. Шунга амал қилган ҳолда кунлик иш режамга кўпроқ аҳоли билан учрашувлар, хонадонларни кўриш, кўчалардаги, маҳаллалардаги қурилиш-таъмирлаш ишларини кўздан кечиришга алоҳида эътибор қаратганман.
Каттақўрғон ўзига хос зиёли, юксак маънавий-маърифий муҳитга эга шаҳар. Шаҳарнинг паст-баландини кўпроқ шу ернинг кексалари яхши билади. Шу боисдан шаҳардаги зиёли, узоқ йиллик тажрибага эга бўлган отахон-онахонлар билан учрашаман. Кўп нарсаларда уларнинг маслаҳатларини оламан.
— Сўнгги савол: нима мақсад ёки режаларингизга улгурмаяпсиз? Ёки оддий аёл сифатида нималарга вақт топа олмаяпсиз?
— 2022 йилда Каттақўрғон шаҳрини энг обод ва кўркам шаҳарга айлантиришни мақсад қилганмиз. Албатта, бунинг учун барча имкониятларни ишга соламиз.
Жумладан, шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, бир қатор истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.
Муҳими, лойиҳаларда барча соҳалар қамраб олинган. Ҳозирда ушбу лойиҳалар асосида шаҳарда биринчи қадамлар бошланди. Бу борадаги режаларни амалга оширишда каттақўрғонликларнинг қўллаб-қуватлаши ва кўмаги менга далда бўлади. Яна шундан хурсандманки, бугун Каттақўрғон мени ўз қизи, фарзанди, деб билади. Ушбу ишонч бор экан, мен кўзлаган барча режаларимни амалга оширишга эришаман, Худо хоҳласа.
Фарида ЭГАМБЕРДИЕВА суҳбатлашди






