2022 йилнинг 20, 21, 22 март кунлари Тошкентдаги "Дўстлик" боғида "MAKON FEST – 2022" миллий санъат ва анъаналар фестивали бўлиб ўтади.
Ўзбек халқининг анъана ва урф-одатлари, амалий санъати, миллий таомлари, бетакрор оғзаки ва номоддий меросининг бутун ҳилма-хиллигини акс эттирувчи мазкур тадбир Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Яккасарой туман ҳокимлиги, Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Дўстлик боғи, Макон телеканали ҳамкорлигида ўтказилмоқда.
Қайд этилишича, кун давомида тонгги соат 9:00 дан кечки 22:00 гача Тошкент шаҳри аҳолиси ва меҳмонлари учун мусиқа ва рақс жамоалари шоулари, халқ сайиллари, мавзули маҳорат дарслари шунингдек шарқона ярмарка, дорбоз полвонлар чиқишлари, мода намойишлари, гастрономик ярмарка ва “food-shоw” бўлиб ўтади.
3 кун ичида фестивалга 15 мингга яқин меҳмонлар, жумладан Италия, АҚШ, Хитой, Россия, Франция, Швейцария, Япония, Буюк Британия, Исроил, Испания, Греция, Қозоғистон, Озарбайжон ва бошқа давлатлардан сайёҳлар ташриф буюриши кутилаётгани айтилмоқда.
Фестивалда дунёнинг кўплаб давлатларидан махсус ташриф буюрган 100 дан ортиқ халқаро меҳмонлар, жумладан, таниқли маданият ва санъат намояндалари, олимлар ва тадқиқотчилар, нуфузли халқаро оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этади.






